Садир Жапаров ишчи ташриф билан Ўзбекистонга келади
Қирғизистон президенти Садир Жапаров ишчи ташриф билан Ўзбекистонга келади. Бу ҳақда Қирғизистон Вазирлар маҳкамаси раиси Акилбек Жапаров маълум қилди.
Мамлакатлар Қирғизистон—Ўзбекистон қўшма бизнес-форумини ўтказган. Навбатдаги тадбир иккала давлат раҳбарлари иштирокида Ўзбекистонда ўтказиладиган Қирғизистон маданияти кунлари бўлади.
“Икки президентнинг ушбу учрашуви мамлакатлар ўртасидаги дўстона алоқаларни мустаҳкамлашда муҳим қадамга айланади ва кенг қамровли ўзаро стратегик шерикликни янада мустаҳкамлашга туртки беради”, — деди Акилбек Жапаров.
Қайд этилишича, икки мамлакат раҳбарлари товар айланмасини 2 миллиард долларгача етказиш вазифасини қўйган. 2023 йил якунларига кўра, у 694 миллион долларни ташкил этган. Бу рақам 2022 йилга нисбатан 15,8 фоизга ошган. Экспорт етказмалари 22,9 фоизга, импорт эса 11,2 фоизга ўсган.
Шарҳлар