Тошкент шаҳридаги масжидларда фаолият юритган 18 нафар имом ва ноиблар ишдан олинган
11 сентябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари раислигида Тошкент шаҳар имом-хатибларининг танқидий-таҳлилий йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати хабар бермоқда.
Танқидий масалалар муҳокамасида айрим имом-домлалар зиммасидаги бирламчи вазифасига жиддий ёндашмаётгани, мўмин-мусулмонлар эҳтиёжини таъминлашда етарли саъй-ҳаракат қилмаётгани ва ижро интизомидаги нуқсонлар қаттиқ танқид остига олинди. Шунингдек, белгиланган тартиб-қоидалар, меҳнат шартномалари талаблари ва лавозим йўриқномаларига риоя этмаётган имом-домлаларга чора кўрилгани айтилди.
2024 йилнинг ўтган саккиз ойида мана шундай хато-камчиликларни содир этган, дин пешвоси сифатида иш фаолиятига эътибор қаратмаган ва меҳнат мажбуриятларини етарли даражада бажармаган Тошкент шаҳридаги масжидларда фаолият юритган 8 нафар имом-хатиб, 10 нафар имом ноиби вазифасидан озод этилгани ҳамда 2 нафар имом-хатиб ва 2 нафар имом ноибига эса ҳайфсан интизомий чораси қўллангани маълум қилинди.
Йиғилиш якунида берилган топшириқлар юзасидан режа ишлаб чиқиш ва ижросини таъминлаш вазифалари юкланди.
Шарҳлар