«Ишга Марҳамат» мономарказлари мутахассис-ўқитувчилари ўз малакаларини оширмоқдалар

Фото: Anhor.uz

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт дастурининг Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги билан қўшма лойиҳаси доирасида 2023-йил 23-октябрдан 3-ноябрга қадар Тошкент шаҳрида ПВ панеллари ва қуёш иситгичларини ўрнатиш бўйича «Ишга Марҳамат» мономарказлари мутахассис-ўқитувчиларини (электромонтёрлар ва сантехник-чилангарлар) таёрлаш бўйича тренинглар ўтказилди.

Фото: Anhor.uz

Фото: Anhor.uz

Ўзбекистон Республикаси ҳукумати қайта тикланадиган энергия манбаларидан, айниқса, қуёш энергиясидан фойдаланишга катта аҳамият бермоқда. Жами 270-300 қуёшли кун бўлган мамлакатда қуёш энергиясидан фойдаланиш имкониятлари жуда катта. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 16 февралдаги 57-сон қарори билан Республика бўйича аҳоли ва юридик шахслар ўртасида қайта тикланувчи энергия технологияларини (хусусан, ПВ панеллар ва қуёш коллекторлари) кенг жорий этиш бўйича чора-тадбирлар белгиланган. БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси мазкур фармонни амалга оширишда фаол иштирок этмоқда. БМТТД Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги (КҚБВ) ҳамкорлигида “Ишга марҳамат” моно-марказлари ходимларини ўқитиш қарор қилинди.

Қуёш панелларидан фойдаланиш анъанавий электр энергияси мавжуд бўлмаган чекка қишлоқ ҳудудларида инфратузилма муаммоларини ҳал қилишга ёрдам беради. Бироқ, бугунги кунда қуёш панеллари бўйича малакали мутахассисларнинг этишмаслиги муаммоси мавжуд. “Замон билан ҳамнафас бўлиш” мақсадида “Фарғона водийсида аҳолининг кўникмаларини пандемиядан кейинги иқтисодиётга мослаштириш” ва “Ўзбекистонда энергия самарадор қишлоқ турар-жой бинолари қурилишини ривожлантиришга кўмаклашиш” лойиҳалар доирасида “Ишга Марҳамат” мономарказлари ўқитувчилари (электрик ва сантехник-чилангарлар мутахассисликлари бўйича) учун тренинглар ўтказилмоқда. Ушбу тренинглар 50% назарий ва 50% амалий қисмлардан иборат бўлиб, тўлиқ 5 кун давом этади.

Тренинглар етакчи компаниялардан бири бўлган “Солар Натуре” МЧЖ томонидан ўтказилмоқда. Тренингда иштирокчилар қуёш панеллари ва қуёш коллекторларини ўрнатиш ва хизмат кўрсатиш бўйича асосий кўникмаларни эгаллаш назарда тутилган. Келгусида БМТТД томонидан мономарказлар қуёш панеллари ва қуёш коллекторларининг макетлари билан жиҳозланиши режалаштирилган.

Фото: Anhor.uz

Фото: Anhor.uz

Биринчи тренинг электриклар учун 2023-йил 23-27-октябрь кунлари бўлиб ўтганди. Кейинги тренинг сантехник-чилангарлар учун 2023-йил 30-октябрдан 3-ноябргача бўлиб ўтди.

«Ишга Марҳамат» мономарказлари мутахассис-ўқитувчилари қуйидаги мавзуларда ўз малакаларини оширдилар:
– қуёш батареяларини лойиҳалаш;
– фотовольтаик модулларнинг турлари ва ўрнатилиши;
– қайта зарядланувчи батареяларнинг хусусиятлари;
– тармоқли (он-грид), гибрид ва автоном (офф-грид) кучланиш инверторлари;
– қуёш коллекторининг ишлаш тамойиллари;
– электр таъминотига қўйиладиган талаблар ва қуёш коллекторларидан фойдаланиш хавфсизлиги;
– фотовольтаик тизимлар учун кабеллар, қурилмалар, ва бошқа мавзулар.

Тренинг иштирокчилари кичик гуруҳларга бўлиниб, билимларни мустаҳкамлаш учун қуёш панеллари объектларида амалиёт ўтадилар. Тренинг сўнгида мономарказлар иштирокчилари келгусида мустақил равишда дарс ўтишлари учун барча услубий материаллар (яни тақдимотлар, ўқув дастурлари ва тарқатма материаллар) билан таъминланиши кўзда тутилган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.