Қишлоқ хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари ўз лавозимидан маҳрум бўлди
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 5 сентябрь куни асосий маҳсулотлар нархи барқарорлигига бағишланган йиғилишда қишлоқ хўжалиги соҳаси раҳбарларини танқид қилди. Йўл қўйган камчиликлари учун қишлоқ хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари Шуҳрат Тешаев лавозимидан озод этилди, вазир ўринбосари Шуҳрат Мирзаевга ҳайфсан берилди. Бу ҳақда “Газета” нашри давлат раҳбарининг матбуот котибига таянган ҳолда ёзади.
Президент бош вазирнинг аграр ва озиқ-овқат соҳасини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Шуҳрат Ғаниев, Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси, ЎзЛиДеП партияси етакчиси Актам Хаитов «ҳали эскича ишлаётгани, баландпарвоз рақамларга берилиб кетгани»ни танқид остига олди.
«Бундан буён Ғаниевдан ҳам, Хаитовдан ҳам, янги вазир Воитовдан ҳам жуда қаттиқ сўров бўлади», — деди президент.
«Аграр соҳада белгилаб олган катта ислоҳотларни жадал амалга ошириш биринчи навбатда ушбу соҳа раҳбарлари [Шуҳрат] Ғаниев, [Актам] Хаитов, янги [қишлоқ хўжалиги] вазири [Азиз] Воитов ва ўринбосарлари фидойилигига боғлиқ. Бандликни кўпайтириш, камбағалликни қисқартириш ҳам биринчи галда қишлоқ хўжалигидаги ўсишга боғлиқлигини улар тушуниши керак».
Соҳа раҳбарларининг вазифаси президентга катта-катта рақамлар билан ҳисобот бериш эмас, қишлоқдаги деҳқон, фермер масаласини ҳал қилиш, оғирини енгил қилиш экани, лекин, муҳим ишлар четда қолиб, қўшиб ёзишлар, номаъқул ишлар кўпайиб бораётгани қатъий танқид остига олинди.
Шарҳлар