Ҳисор давлат қўриқхонасида қор ёғди
Бугун, 30 сентябрь куни Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигига қарашли Ҳисор давлат қўриқхонасининг Ғилон участкаси тоғли ҳудудларида қор ёғди.
Қўриқхона 1983 йилда ташкил этилган бўлиб, Қашқадарё вилояти Ҳисор тизмасининг жанубий қисмида, денгиз сатҳидан 1750-4349 метр баландликда жойлашган. Жануби-шарқда Сурхондарё вилояти, шимолда Тожикистон билан чегарадош.
Қўриқхона фаунаси умуртқали ҳайвонларнинг 250 турини ўз ичига олади. Уларнинг орасида балиқларнинг 2 тури (жумладан, Амударё форели Ўзбекистон Қизил китобига киритилган), судралиб юрувчиларнинг 17 тури, қушларнинг 200 дан ортиқ тури ва сутэмизувчиларнинг 30 дан ортиқ тури мавжуд. Улардан 9 таси Қизил китобга киритилган. Шунингдек, қўриқхонада умуртқасиз ҳайвонларнинг 950 тури ҳам яшайди.
Қўриқхонадаги 200 турдаги қушларнинг 109 тури доимий, 116 тури кўчманчи қушлар ҳисобланади. Қушларнинг 8 тури Ўзбекистон Қизил китобига киритилган.
Шарҳлар