Испанияда янги сув тошқини эҳтимоли муносабати билан фавқулодда ҳолат эълон қилинди
Испаниянинг шарқи ва жанубидаги бир қанча ҳудудларда сув тошқинининг янги таҳдиди туфайли эвакуация ишлари бошланди. Бу ҳақда The Guardian нашри хабар беради.
Андалусиянинг Малага ва Гранада провинцияларида мактаблар ёпилган, қирғоқбўйидаги 3 мингга яқин аҳоли эвакуация қилинган. Мадрид, Малага ва Валенсия ўртасидаги тезюрар темир йўл қатнови тўхтатилган. Малагадан бир нечта рейслар бекор қилинган, баъзи самолётлар бошқа аэропортларга қўнишга йўналтирилган.
Каталонияда ҳам фавқулодда ҳолат эълон қилинган, расмийлар одамларни эҳтиёт бўлишга чақирган. Валенсияда огоҳлантириш даражаси тўқ сариқдан қизилгача кўтарилган. Аҳолига уйларини тарк этмаслик ва масофадан туриб ишлаш тавсия қилинган.
Атиги икки ҳафта олдин Валенсия провинциясида содир бўлган сув тошқини 220 дан ортиқ одамнинг ҳаётига зомин бўлган ва кенг кўламли вайронагарчиликларга сабаб бўлган эди.
Шарҳлар