Исроилда фавқулотда ҳолат эълон қилинди
Исроил Ливан ҳудудига зарба беришни бошлади ва у ҳали ҳам давом этмоқда. Бу ҳақда “Реутерс” хабар берди.
Исроил ҳаво кучлари Ливандаги “Ҳизбуллоҳ” марраларига зарба бериш учун 100 га яқин самолётни жойлаштирди. Ҳаво ҳужумлари пайтида минглаб ракета учиргичлари йўқ қилинди.
Маълумотларга кўра, уларнинг жойлашуви Шимолий қўмондонлик ва Исроил ҳарбий разведкаси томонидан аниқланган. Исроил армиясининг маълум қилишича, “Ҳизбуллоҳ” режалаштирилган ракета отишмаларининг аксарияти Исроилнинг шимолий ва баъзи марказий қисмларига зарба бериш учун жойлаштирилган. Жанговар самолётлар 40 та ишга тушириш нуқтасига зарба берган.
Исроил армиясининг радио хизматига кўра, “Ҳизбуллоҳ” Исроилдаги стратегик нишонларга зарба беришни режалаштирган 6 мингтагача ракета ва учувчисиз ҳаво воситаларини учиришни мақсад қилган. Ҳисоботга кўра, армия Ливандаги 200 га яқин нуқтага зарба берган.
Ливандан Исроил томонга 150 дан ортиқ дрон ва ракеталар учиб келган. “Ҳизбуллоҳ” эса Исроилдаги 11 та ҳарбий нишон томон 320 та ракета учирганини эълон қилган.
Исроил армияси матбуот котиби Даниел Ҳагарининг иддао қилишича, ўз-ўзини ҳимоя қилиш мақсадида ушбу таҳдидларни бартараф этиш учун мудофаа кучлари Ливандаги “Ҳизбуллоҳ“ ҳаракати тинч аҳолига қарши ҳужумлар уюштирмоқчи бўлган “террорчилик объектлари”га зарба бермоқда.
Ҳарбийлар Ливан бўйлаб зарбалар беришни бошлагач, Исроил Мудофаа вазири Ёав Галант мамлакатда 48 соат муддатга фавқулодда ҳолат режими эълон қилган. Тел-Авив халқаро аэропорти рейсларни қабул қилишни ва жўнатишни тўхтатган.
Кейинроқ Ҳагари ҳарбий-ҳаво кучларнинг ўнлаб самолётлари Жанубий Ливандаги қатор локациялар бўйлаб зарба бераётганини айтди.
Шарҳлар