Bo'limsiz

Иссиқхона газлари ташланишини қисқартиришга $46,25 млн маблағ йўналтирилади

Фото: Сирожиддин Вахидов / «Халқ сўзи»

Президент “Жаҳон банки иштирокида “Энергетика соҳасидаги ислоҳотлар учун инновацион углерод ресурсларини қўллаш” лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Ҳужжат мамлакатимизда 2030 йилгача «яшил» иқтисодиётга ўтиш ва «яшил» ўсишни таъминлаш дастурига мувофиқ, миллий иқтисодиёт, хусусан, саноатнинг кам углеродли ривожланишини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган.

Жаҳон банки Ўзбекистонга “Энергетика соҳасидаги ислоҳотлар учун инновацион углерод ресурсларини қўллаш” (¡СРАФТ) лойиҳасини амалга ошириш учун 46,25 миллион доллар миқдорида маблағ ажратишни маъқуллади. Лойиҳа икки компонентдан иборат:

  • 20 миллион долларлик молиялаштириш ҳажмига эга “Қисқартирилган ташланишларни харид қилиш тўғрисида келишув”;
  • 25 миллион АҚШ доллари миқдоридаги молиялаштириш ҳажмига эга “Оқибатларни юмшатиш натижаларини харид қилиш тўғрисида келишув”.

Лойиҳа доирасида Жаҳон банки Ўзбекистон номидан Мослашиш ва ташланишларни қисқартириш глобал жамғармасига 1,25 миллион доллар йўналтиришни  режалаштирмоқда.

Қўшимча техник ёрдам сифатида ажратиладиган 2 миллион доллар институционал салоҳиятни ривожлантириш ва иссиқхона газлари чиқиндиларини назорат қилиш инфратузилмасини яратиш (иссиқхона газлари реестрини яратиш, мониторинг, ҳисобот бериш ва текшириш (MRV) тизимини ишлаб чиқиш)ни молиялаштиришга йўналтирилади.

Лойиҳа 2023-2028 йиллар давомида республика миқёсида амалга оширилади. Лойиҳа доирасида углерод чиқиндиларини камайтириш ва энергия ресурсларини тежаш мақсадида электр энергияси ва газ таъминоти соҳасида тариф сиёсати босқичма-босқич такомиллаштирилади.

Шу билан бирга, “Қисқартирилган ташланишларни харид қилиш тўғрисида келишув” компоненти бўйича 1 тонна углерод чиқиндилари учун келишилган нарх 15 АҚШ долларини, “Оқибатларни юмшатиш натижаларини харид қилиш тўғрисида келишув” компоненти бўйича 1 тонна углерод чиқиндилари учун 30 долларни ташкил этади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.