Истанбулда қўлга олинган икки нафар ўзбекистонлик депортация қилинди
Ўзбекистон ва Туркия Ички ишлар вазирликлари ҳамкорлигида ўтказилган навбатдаги тезкор тадбир давомида Фуқароларнинг кўп миқдордаги пул маблағларини фирибгарлик йўли билан ўзлаштиришда айбланиб, 2022 йилдан буён Ўзбекистон ИИВ томонидан қидирувда бўлган, 1965 й.т. Фахриддин Шакарбоев ҳамда ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон торож қилиш айби билан 2018 йилдан буён қидирувда бўлган 1992 й.т. Хумоюнбек Мардонов жорий йилнинг 12 январь куни Истанбул шаҳрида қўлга олинганди. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси матбуот хизмати хабар беряпти.
«Ушбу фуқаролар Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси дипломатлари иштирокида Истанбул аэропортидан Ўзбекистонга депортация қилинишган. Мазкур шахсларнинг хатти-ҳаракатларидан жабр кўрган фуқаролар Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонасига ёки Ўзбекистон ИИВга мурожаат қилишлари сўралади», – дейилган хабарда.
Жиноят учун жазо муқаррарлигини таъминлаш мақсадида Туркия ҳудудида ҳамкорликдаги тезкор-қидирув тадбирлари тизимли равишда давом эттирилаётгани айтилган.
Шарҳлар