Истанбулда Ўзбекистоннинг янги бош консули ўз фаолиятини бошлади
Истанбулда Ўзбекистоннинг янги бош консули Шерзод Абдуназаров ўз вазифасини бажаришга киришди, деб хабар беради «Дунё».
Бунгача у шу Бош консулликда 1-котиб лавозимида ишлаган. У 41 ёшда. Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ҳамда Таҳлил ва прогнозлаш олий мактабини тамомлаган. 2007 йилдан буён Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги тизимида турли лавозимларда ишлаб келган.
Шерзод Абдуназаров 2020–23 йилларда Истанбулдаги Бош консулликни бошқарган ва Ўзбекистоннинг Польшадаги элчиси этиб тайинланган Амирсаид Аъзамхўжаев ўрнини эгаллади.
Ўзбекистон Бош консуллигининг консуллик округи таркибига Истанбул, Туркиянинг Ойдин, Баликесир, Билежик, Бурса, Измир, Кожаэли, Қирқларели, Маниса, Муғла, Сакарья, Текирдағ, Чанаққале ва Эдирне вилоятлари, шунингдек, Болгария ва Руминия киради.
Шарҳлар