Истеъмолга яроқсиз алкогол маҳсулотларини муомалага киритилишининг олди олинди

Foto: Deportament

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Андижон вилояти бошқармаси, Хонобод шаҳар бўлими ва ИИБ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда ноқонуний алкогол маҳсулотлари савдоси билан шуғулланиб келган “М.” МЧЖ қарашли озиқ-овқат дўкони сотувчиси М.М. харидорга 4 дона алкогол ва 1 қути тамаки маҳсулотини сотган вақтида ушланиб, ушбу савдо дўконидан тегишли ҳужжатлари бўлмаган жами 2 325 дона истеъмолга яроқсиз алкогол маҳсулотлари ашёвий далил сифатида олинган.

Шу каби, Департаментнинг Бухоро тумани бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбирларда «М.С.» оилавий корхонаси ҳамда Шофиркон туманидаги “К.Г.” МЧЖга қарашли савдо дўконларида 7 турдаги жами 1 028 дона қалбаки акциз маркали алкогол ва 185 қути акциз маркасиз тамаки маҳсулотлари сотувга қўйилганлиги аниқланиб, ушбу маҳсулотлар ашёвий далил сифатида олинган.

Департаментнинг Қўнғирот тумани бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро Н.М. «Cobalt» русумли автомашинасида Тўрткўл туманида яшовчи фуқародан қўлбола усулда тайёрланган 780 дона «Қаратаw» номли алкогол маҳсулотларини ўтказиш мақсадида олиб келган вақтида ушланиб, ушбу маҳсулотлар ашёвий далил сифатида олинган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 176-моддаси (қалбаки пул, акциз маркаси ёки қимматли қоғозлар ясаш, уларни ўтказиш) ва 186-моддаси (хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган товарларни ўтказиш мақсадини кўзлаб ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ёхуд ўтказиш, ишлар бажариш ёки хизматлар кўрсатиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.