IT парк Германия ва Саудия Арабистонида ўзининг шўъба корхоналарини очади
Шавкат Мирзиёев раислигида IT инфратузилмасини яхшилаш, соҳа ва тармоқларни рақамлаштириш юзасидан видеоселектор йиғилиши бошланди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабар беряпти.
Давлат раҳбари жаҳон иқтисодиёти шиддат билан ўзгариб бораётган шароитда ҳеч бир соҳани рақамли технологияларсиз тасаввур қилиб бўлмаслигини таъкидлади.
«Рақамлаштиришдан бош тортаётган раҳбар – коррупцияни йўқ қилишга интилмаган раҳбар», – деди Президент.
Жорий йилнинг ўзида мамлакатда:
– таълим, банк, молия, божхона, қишлоқ хўжалиги, геология, кадастр каби соҳаларни рақамли трансформация қилиш доирасида 100 та дастурий лойиҳа ишлаб чиқилди;
– 500 дан зиёд янги IT компаниялари ташкил этилиб, соҳага 475 миллион доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестиция кириб келди;
– йил якуни билан IT хизматлари ҳажми 10 триллион сўмга етиши (2022 йилга нисбатан – 1,5 баробар кўп), экспорти эса 300 миллион доллардан ошиши (2 баробар) кутилмоқда.
«Лекин соҳани янада ривожлантириб, халқаро даражага олиб чиқиш бўйича қилинадиган ишлар ҳали жуда кўп», – деган Мирзиёев.
Давлат раҳбари 2024 йилдан бошлаб ҳудудларда IT хизматларини ривожлантириш учун қўшимча шароитлар яратилишини эълон қилди.
Бунда:
– IT компаниялари ҳудудлардаги бўш турган биноларга бир йил муддатга бепул жойлаштирилади;
– иқтидорли дастурчиларга бир йил ичида бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан компьютер ва техникалар берилади;
– 50 дан ортиқ IT мутахассисини ишли қилган компанияларнинг бир йил давомидаги иш ҳақи харажатини 15 фоизгача қисми қоплаб берилади;
– экспортчи корхоналарга четдан эксперт жалб қилиш, халқаро конференцияларда қатнашиш харажатларининг 50 фоизи компенсация қилинади.
Бу мақсадларга келгуси йилда 65 миллиард сўм ажратилади.
«Шунингдек, Рақамли технологиялар вазирлиги IT паркни халқаро миқёсга олиб чиқиш учун келгуси йилда Германия ва Саудия Арабистонида унинг шўъба корхоналарини очади», – дейилган хабарда.
Шарҳлар