Йўққа чиққан Россия кредитлари тарихи
Навоий кон-металлургия комбинати (НКМК) «БEЛАЗ» ОАЖ компаниясининг самосваллари сифатидан норози. Комбинат 2020 йилдаёқ ғарб махсус техникасининг фойдасига БEЛАЗ юк машиналаридан воз кечган эди. Буни Anhor.uz таҳририяти аниқлаган тендер ҳужжатлари ҳам тасдиқлайди (материалда фойдаланилган барча ҳужжатлар умумий фойдаланувда мавжуд).
“Юк кўтариш қуввати 220 тонна бўлган катта кон автосамосвалларини сотиб олиш бўйича асослар” ҳужжатига кўра, 2020 йил июль ойида НКМК техник мутахассислари рамасининг мустаҳкамлиги етарли эмаслиги, орқа кўприк картерининг ишончли эмаслиги, осмасининг цилиндрлари эрта ишдан чиқиши, насосларни бўшатиш автоматларининг гидравлик тизими агрегатларининг юриш қобилияти пастлиги сабабли БEЛАЗ самосвалларини сотиб олишдан бош тортган эди.
Завод мутахассисларининг ҳисоб-китобларига кўра, ушбу камчиликлар эксплуатация пайтида ҳаракат хавфсизлигига таъсир қилади, самосвалларни таъмирлаш учун ишнинг тўхтаб қолиши, қўшимча моддий ва меҳнат харажатларига, шунингдек, гидравлик мойнинг йўқотилиши ва айниқса ёзда гидравлика тизими ҳароратининг ошишига олиб келади.
“БКА БелАЗ 75310 самосвалининг асосий камчилиги – бу раманинг олд балкасида ва орқа кўпригида ёриқларнинг пайдо бўлиши. «БEЛАЗ» ОАЖ раҳбарияти томонидан самосвал рамасини модернизация қилиш бўйича қабул қилинган қарор ва 2 босқичда олиб борилган ишлар ижобий натижа бермади. Рамкани модернизация қилиш учун ҳар бир таъмирлаш иши самосвалнинг 4 сменага тўхтаб қолиши билан бирга кечди, бу эса кон массасини ташиш ҳажмида катта йўқотишларга олиб келмоқда. Шу билан бирга, «БEЛАЗ» ОАЖ мутахассислари навбатдаги модернизация ишлари завод нуқсонини кейинги оқибатларсиз бартараф этишига ва рамада ёриқлар қайта пайдо бўлмаслигига кафолат бермайди”, — дейилади ҳужжатда.
НКМК “Мурунтов конини ривожлантириш” инвестиция лойиҳаси доирасида кон жинсларини ташиш бўйича давлат режасини сўзсиз бажариш мақсадида Американинг Caterpillar компанияси томонидан ишлаб чиқарилган CAT 793D русумидаги ўнта кон самосвалини “EMPYREAN Heavy Machinery Spare Parts Traiding LCC” компаниясидан (БАА) харид қилишга қарор қилди.
«БEЛАЗ» ОАЖ матбуот хизмати НКМК томонидан самосвалларнинг сифати борасида билдирилган шикоятларига изоҳ беришдан бош тортди.
“БEЛАЗ ОАЖга билдирган қизиқишингиз учун ташаккур. Бироқ, биз чет ташкилотларнинг ҳужжатларига изоҳ беришдан бош тортамиз. Тушунишингизга умид қиламиз”, — дейилади таҳририят сўровига берилган компания жавобида.
Олмалиқ кон-металлургия комбинати (АГМК) 2020 йил декабрь ойида юк кўтариш қуввати 220 тонна бўлган БEЛАЗ кон самосвалларини етказиб бериш учун Россиянинг ВЭБ РФ тараққиёт корпорацияси (2018 йилгача – Внешэкономбанк) билан беш йил муддатга имтиёзли кредит шартномасини имзолаган эди.
Кредит миқдори 59 миллион АҚШ долларини ташкил этди ва лойиҳани молиялаштиришнинг асосий шарти БEЛАЗ самосваллари деталларининг камида 30 фоизи Россияда ишлаб чиқарилган бўлиши шарт эди. 2021 йил март ойига қадар кредит тўлиқ молиялаштирилди ва кредит бўйича фоиз ставкаси шартномага мувофиқ Беларусь бюджетидан субсидияланиши керак эди.
Ўзбекистонда Россия кредитларининг бошланиши ва якунланиши
Украинада уруш бошланишидан аввал Ўзбекистон иқтисодиётининг кон саноати, энергетика ва бошқа тармоқлари учун Россия кредитлари асосида бир қанча йирик лойиҳалар амалга оширилгани ҳақида хабар берилган эди.
2020 йил ноябрь ойида ВЭБ.РФ 1,8 млрд. миқдорида Россиянинг юқори технологик маҳсулотларини етказиб бериш бўйича битимни молиялаштириш мақсадларида “Олмалиқ КМК” АЖга корхонани модернизациялаш доирасида 5 йил муддатга кредит линияси очилгани ҳақида қарор қабул қилингани тўғрисида маълум қилди.
Маблағлар корхонани модернизация қилиш учун Россиянинг юқори технологик маҳсулотларини Ўзбекистонга экспорт қилишни молиялаштиришга йўналтирилди. Бу ишларга Россиянинг “Горная техника” МЧЖ, “НАО НИПИГОРМАШ” ва ООО “НПП ЭЛEКТРОМАШ” МЧЖ корхоналари томонидан ишлаб чиқарилган бурғулаш дастгоҳлари, аралаштириш ва зарядлаш машиналари, коллекторларни ётқизиш учун дастгоҳлар ва бошқа ускуналарни етказиб бериш кирганди.
Шу билан бирга, 2020 йилнинг ноябрь ойида ВЭБ.РФ ва «Ўзбекнефтгаз» ўртасида Россиянинг юқори технологик маҳсулотларини етказиб беришни молиялаштириш, «Ўзбекнефтгаз» ишлаб чиқариш объектларини модернизация қилишга қаратилган ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатиш учун 40 миллион еврогача кредит линиясини очиш бўйича келишув имзоланганди.
Шунингдек, гидроэнергетика соҳасида ВЭБ.РФ билан ҳамкорликда умумий қиймати 297,5 миллион евро бўлган бешта лойиҳа амалга оширилаётгани, шундан Россия давлат корпорациясининг кредит маблағлари 146,5 миллион еврони ташкил этгани маълум қилинганди. Тўполанг ГЭСини модернизация қилиш, Қуйи Чотқол ГЭСининг қурилиши, Фарҳод ГЭСини модернизация қилиш лойиҳалари шулар жумласидандир.
Шунингдек, ВЭБ.РФ кредити кўмагида Сирдарё ИЭСнинг энергоблоклари бекаму-кўст топшириш асосида модернизация қилинди (лойиҳанинг умумий қиймати 143 млн евро).
2021 йил 29-30 сентябрь кунлари бўлиб ўтган Тошкент иқтисодий форуми доирасида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва ВЭБ.РФ ўртасида “Самарқанд, Навоий, Бухоро, Қазқадарё ва Сурхонларй вилоятларидаги 95 та насос станциясини модернизация қилиш” лойиҳаси доирасида 146 миллион евролик кредит шартномаси имзоланди.
Форум доирасида Россиянинг яна бир банки – ВТБ – Навоий кон-металлургия комбинатига беш йил муддатга 1 миллиард долларлик кредит линияси ажратилишини эълон қилди. Ҳужжатни ВТБ Банк бошқаруви раиси Андрей Костин ва Навоий кон-металлургия комбинати бош директори Қувондиқ Санақулов имзолади.
“Навоий заводи билан тузилган шартнома ВТБ учун Ўзбекистондаги энг йирик битим ҳисобланади. Бу корхона, бутун кон-металлургия саноати ва мамлакатнинг турдош тармоқларини ривожлантириш учун янги имкониятлар очишига умид қиляпмиз. Биз ҳамкасбларимизга нафақат молиявий елкамизни, балки инвестиция дастурини амалга ошириш бўйича чуқур экспертизани тавдим этишга, шунингдек, ESG- кун тартибини амалга ошириш билан бир қаторда халқаро капитал бозорларида бирга ишлаш бўйича ҳам тайёрмиз”, — деганди ВТБ Банк бошқаруви раиси Андрей Костин.
Натижада ушбу кредит НКМКга ажратилгани ёки йўқлиги ҳамда унинг бошқа тафсилотлари номаълум бўлиб қолди, кредит ажратилиши ҳақидаги хабар ВТБ Банкнинг расмий веб-сайтидан ғойиб бўлди.
Қарийб бир йилдан сўнг, 2022 йил июль ойи охирида Навоий кон-металлургия комбинати халқаро банклар гуруҳидан 1,2 миллиард АҚШ доллари миқдорида кредит жалб қилганини маълум қилди.
“НКМК АЖ Ўзбекистон Республикаси тарихида биринчи марта етакчи халқаро банклардан 5 йил муддатга кафолатсиз узоқ муддатли синдикатланган кредитни жалб қилди. Битимнинг умумий суммаси 1,2 миллиард АҚШ долларигача етади. JP Morgan&Chase, Citi, Societe Generale, Credit Suisse, ICBC Standard, Halyk Bank ва Deutsche Bank маблағларни тақдим этишда иштирок этмоқда. Маблағлар компаниянинг умумий корпоратив мақсадларига, шунингдек, келгусида инвестиция дастурини амалга оширишга йўналтирилади”, — дейилади НКМК хабарида.
НКМК томонидан ғарб банкларидан кредит жалб қилиш ҳам Россиянинг ВТБ банки билан билвосита муваффақиятсиз кредит битимини кўрсатиши мумкин.
АГМК Россияга қўйилган санкциялар туфайли янги ускуналарнинг етказиб берувчиларини ва молиялаштириш манбаларини излашга мажбур бўлмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев 2021 йил июль ойида «Ёшлик-1» кони негизида Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг янги учинчи мисни қайта ишлаш заводига тамал тошини қўйган эди.
Умумий қиймати 2 миллиард доллар бўлган лойиҳа Enter Engineering компаниялар консорциуми ва «Уралмашзавод» (“Газпромбанк” саноат гуруҳининг аъзоси) томонидан қурилган. Лойиҳани амалга оширишнинг охирги муддати 2023 йил эди.
Россиянинг SPUTNIK нашри қурилаётган мисни бойитиш заводини “Йирик Ўзбекистон-Россия кон саноати корхонаси” деб атади.
Биринчи тош қўйиш маросимида Россия томони номидан «Газпромбанк» бошқаруви раисининг ўринбосари Алексей Матвеев иштирок этди.
“Биринчи босқичда лойиҳага 2 миллиард долларга яқин маблағ йўналтирилди, келгусида «Газпромбанк» яна 5 миллиард доллар ажратиш ниятида”, — деганди у ўшанда.
“Олмалиқ КМК” АЖ бошқаруви раиси Абдулла Хурсанов 2021 йил декабрь ойида Россиянинг ВЭБ.РФ давлат тараққиёт корпорацияси давлат кафолатисиз ва имтиёзли шартларда 3-сонли мисни бойитиш фабрикаси (МБФ-3) мажмуаси қурилишини 2021 йил декабрь ойида 712 миллион евро (824,3 миллион АҚШ доллари) миқдорида кредит маблағлари жалб қилинганини маълум қилди.
Бироқ, яқинда АГМК матбуот хизмати томонидан эълон қилинган маълумотларга кўра, санкциялар туфайли завод Россиядан имтиёзли кредитларни олмаган, шу билан бирга лойиҳа қиймати камаймаган.
“3-сонли Мисни бойитиш фабрикаси (МБФ-3) мажмуасини қуриш лойиҳасини амалга ошириш учун маблағ бошқа манбалар, жумладан, ўз маблағлари ва банк кредитлари ҳисобидан жалб этилади”, — дейилади комбинат матбуот хизматининг Anhor.uz нашрига тақдим этган маълумотида.
Мирзо Субхонов
Шарҳлар