Йўлларда юкларни ўлчаш учун назорат тарозилари давлат-хусусий шериклиги асосида ўрнатилади

Фото: promves.com

Президент Шавкат Мирзиёев 12 сентябрь куни йўл хўжалиги тизимини ислоҳ қилиш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди.

Масалан, чет элларда йўлларда юк транспортлари вазнини ўлчайдиган назорат тарозилари ўрнатилади. Бундай тарозиларни мамлакатимизда ҳам хусусий шериклик асосида ўрнатиш таклифи билдирилди. Давлат раҳбари тарозидан фойда олиш учун эмас, балки йўлларнинг сифатини таъминлаш, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш учун фойдаланиш зарурлигини таъкидлади.

Ички йўлларни қуриш ва таъмирлаш учун бюджет маблағлари фақат “Менинг йўлим” дастури орқали ажратилиши айтилди.

– Энди қаерда ички йўл қуриш, қайсини таъмирлашни одамларимизнинг ўзи ҳал қилади. Шундай қилсак, лойиҳани танлаб олишда ва сифатни таъминлашда очиқлик бўлади, тўлиқ жамоатчилик назорати ўрнатилади, – деди президент.

Келгуси йил мазкур дастур учун камида 800 миллиард сўм ажратилиши белгиланди.

Шаҳарлардаги йўлларни сақлаш ва атрофини кўкаламзорлаштириш учун ободонлаштириш бошқармалари махсус техникалар билан таъминланади. Президент ҳудудлардаги табиий-иқлим шароитларни ҳисобга олган ҳолда йўл бўйларига дарахт экишни ташкиллаштириш, экилган дарахтларни авайлаб парвариш қилиш зарурлигини кўрсатди.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.