Йўллардаги автомобилларнинг вазни ва ҳажмини хусусий сектор назорат қилади

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Автомобил йўллари бўйлаб катта ҳажмли ва оғир вазнли автотранспорт воситаларининг ҳаракатланиш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.

Унга мувофиқ:

автомобил йўлларида вазн ва ҳажм параметрлари назорати бўйича замонавий ўлчов воситалари билан жиҳозланган стационар ва кўчма шохобчалар ўрнатиш ва улардан фойдаланиш соҳасига хусусий секторни кенг жалб қилиш;

ўлчов-назорат шохобчалари ўрнатиладиган жойлар электрон онлайн аукцион савдоларида ғолиб бўлган тадбиркорлик субъектларига йигирма йил муддатга ижара асосида ва бошқа тадбиркорлик субъектига ўтказиш ҳуқуқи билан бериладиган бўлди. 

Қарор билан автомобил йўлларида оғирлик ва габарит назорати бўйича стационар ва кўчма шохобчаларни тадбиркорлик субъектлари томонидан ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Электрон онлайн-аукцион савдоларига қўйиш учун ўлчов-назорат шохобчалари ўрнатиладиган жойларнинг минимал қиймати (бошланғич нархи):

халқаро аҳамиятдаги автомобил йўлларида – БҲМнинг 50 баравари;
давлат аҳамиятидаги автомобил йўлларида – БҲМнинг 40 баравари;
маҳаллий аҳамиятдаги автомобил йўлларида – БҲМнинг 30 баравари миқдорида белгиланади.

Дастлабки икки йил давомида мазкур шохобчалар орқали қайд этилган ҳуқуқбузарликлар учун жарималар суммасидан тушган маблағларнинг 40 фоиз тадбиркорлик субъектлари ҳисобига йўналтирилади. Кейинчалик ушбу сумма 30 фоизни ташкил этади.

Қарор жорий йилнинг 31 октябрь кунидан кучга кирган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.