Жадид маърифатпарварларининг халқаро ҳамкорлиги – халқ дипломатиясининг намунаси
Маълумки, жадидчилик ҳаракати нафақат Марказий Осиё минтақаси, балки бутун мусулмон олами ва туркий дунё тарихида чуқур из қолдирган. Ўзбекистонда тизимли равишда жадидлар фаолиятига бағишланган турли илмий, маданий-маърифий тадбирлар ўтказиб келинмоқда.
Тошкент давлат Ўзбек тили ва адабиёти университетдида “Ўзархив” агентлиги ва ШҲТнинг Ўзбекистондаги Халқ дипломатияси маркази ҳамкорлигида ташкил этилган анжуман жадидчилик ҳаракати ва ушбу ҳаракат намоёндаларининг ҳали атрофлича ўрганилмаган қирраларидан бири яъни хориж жамоатчилиги билан ўзаро ҳамкорлик алоқаларига бағишланди.
“Мазкур тадбирдан мақсад – маърифатпарвар жадид боболаримизнинг ҳаёти ва ижтимоий фаолияти, илмий-ижодий мероси, миллий давлатчилик асосларини бунёд этишдаги саъй-ҳаракатлари, хориж жамоатчилиги билан ўзаро ҳамкорлик алоқалари замирида замонавий халқ дипломатияси элементлари мавжудлигини очиб беришдан иборат”, – дейди Анваржон Алиев, “Ўзархив” агентлиги матбуот хизмати раҳбари.
Тадбирда давлат муассасалари, илмий-тадқиқот марказлари, жамоат ташкилотлари, тарихчи олимлар, олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари ва талаба ёшлар иштирок этган.
Жадидлар деганда кўз олдимизга маърифатпарвар, зиёли, диний ва дунёвий билимларни эгаллаган замонасининг илғор намояндалари келади. Улар шарқ ва ғарб мамлакатларидаги зиёлилар билан доимий мулоқотда бўлган.
Жадид боболаримиз яшаган даврда халқ дипломатияси тушунчаси ҳали оммалашмаган бўлсада, улар бугунги кунда замонавий халқ дипломатиясининг муҳим воситалари бўлган оммавий ахборот воситалари, газета ва журналлар, театр ва маданий тадбирлар орқали халқ маърифатини юксалтириш мумкинлигини таъкидлашган.
Яна бир муҳим жиҳат шундаки, бугунги кунда халқ дипломатияси маърифат, таълим ва маданият билан ҳамоҳангдир. Жадидлар шу нарсани бундан 100 йил олдин англаган ва ёшларни билим олишлари учун ҳам сармоясини, ҳам илмини сафарбар этган.
Тадбирда уларнинг шу йўлда фидойилик кўрсатиб, янги усул мактаблари, театр ва кутубхоналар, нашриётлар очганлиги, жамият аъзоларининг дунёқараши ва турмуш тарзини ўзгартириш мақсадида газета ва журналлар нашр этганлиги, ёшларни илғор давлатларга ўқишга юборганлиги каби жиҳатларга алоҳида тўхталиб ўтилган.
Маърузачилар томонидан халқ дипломатиясини жадид маърифатпарварларимизнинг илмий, ижодий меросини хорижда истиқомат қилаётган ватандошларимиз орасида кенгроқ ёйиш, асарларини хорижий тилларга таржима қилиш, ҳамкорликда турли тадбирларни ташкил этиш орқали ривожлантириш мумкинлиги қайд этиб ўтилган.
Анжуман доирасида жадид маърифатпарварларимизнинг илмий, ижодий фаолиятига бағишланган архив фотолар кўргазмаси ҳам ташкил этилиб, унда ноёб фотосуратлар, архив материаллар намойиш этилди. Аждодларимизнинг бой илмий мероси ҳақида сўзловчи ушбу архив ҳужжатлар уларнинг хориж жамоатчилиги билан ҳам алоқалари узвий бўлганлигини намоён этди.
Шарҳлар