Жаҳон банки аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари учун ижтимоий хизматлар сифатини оширишда Ўзбекистонга 100 миллион доллар ажратади
Жаҳон банки кўмагида Ўзбекистон аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари учун ижтимоий хизматлардан фойдаланиш имкониятини ва уларнинг сифатини яхшилайди.
2024 йил, 24 май — Жаҳон банки ижрочи директорлар кенгаши 100 миллион доллар миқдорида имтиёзли кредитни тасдиқлади. Ушбу маблағлар Ўзбекистонга “Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини ижтимоийлашувини таъминлаш учун инновацион ижтимоий ҳимоя тизими” (INSON) лойиҳасини амалга ошириш учун тақдим этилади. Лойиҳанинг мақсади аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига мансуб одамлар учун ижтимоий хизматлардан фойдаланиш имкониятини ва уларнинг сифатини яхшилашдир.
Лойиҳа қўшимча равишда Жаҳон банки қошидаги “Эрта ёшдаги таълим учун ҳамкорлик” кўп томонлама донорлик траст жамғармаси томонидан тақдим этилган 2 миллион долларлик грант воситасида молиялаштирилади. Жамғарма фаолияти дунёнинг турли мамлакатларидаги ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларнинг ривожланиши ва таълимини қамраб олади. Ушбу маблағлар маҳаллий жамоалар (маҳаллалар) даражасида кўрсатилаётган ижтимоий хизматларнинг Ўзбекистондаги ижтимоий ҳимояга муҳтож болалар фаровонлигига таъсирини баҳолаш ва уларнинг сифатини ошириш учун йўналтирилади.
“Биз Ўзбекистон ҳукуматининг ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини ҳар томонлама ва самарали қўллаб – қувватлаш мақсадида миллий ижтимоий ҳимоя тизими салоҳиятини ривожлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатларини олқишлаймиз”, – деди Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Марко Мантованелли. “Лойиҳа Ўзбекистонда “ғамхўрлик иқтисодиёти” секторининг ҳуқуқий ва институционал асосларини ривожлантиришга кўмаклашади.
Шунингдек, у минглаб одамлар, жумладан, кекса фуқаролар, ногиронлиги бор шахслар, оиладаги зўравонлик қурбонлари ва ижтимоий ҳимояга муҳтож болалар учун ҳалигача мавжуд бўлмаган зарур ижтимоий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини яхшилашни қўллаб-қувватлайди”.
Лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги (ИҲМА) томонидан мамлакатнинг турли давлат органлари, нодавлат ташкилотлари ва ижтимоий-иқтисодий ривожланиш масалалари бўйича халқаро ҳамкорлар билан ҳамкорликда амалга оширилади.
Лойиҳадан кутилаётган натижалар қуйидаги кўрсаткичларни ўз ичига олади:
о Мамлакат бўйлаб маҳаллалар даражасида фаолият юритадиган 50 дан ортиқ ижтимоий хизматлар кўрсатиш марказларини ташкил этиш. Уларнинг хизматлари аҳолининг ижтимоий ҳимояга энг муҳтож қатламларига қаратилган бўлади.
о 50 мингдан ортиқ аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари, шу жумладан кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларнинг юқорида айтиб ўтилган ижтимоий хизматлар кўрсатиш марказлари негизида сифатли ижтимоий ва реабилитация хизматларидан фойдаланиш имкониятларини яхшилаш.
о Уйда, ижтимоий хизматлар кўрсатиш марказларида, шунингдек маҳаллалар даражасида кўрсатиладиган ижтимоий хизматлар сифати стандартларини яхшилаш учун меъёрий-ҳуқуқий базани ишлаб чиқишда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигини қўллаб-қувватлаш.
о Хусусий сектор томонидан ижтимоий хизматлар кўрсатишнинг тартибга солинадиган бозорини ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш. Маҳалла даражасида ижтимоий хизматлар кўрсатиш марказларини ташкил этиш ижтимоий ҳимоя органлари томонидан кўрсатиладиган хизматларга бўлган талабни камайтириши ва хусусий ижтимоий хизмат кўрсатувчилар бозорини ривожлантиришга туртки бўлиши кутилмоқда.
о Лойиҳа кўмагида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига мансуб фуқароларга индивидуаллашган ижтимоий ёрдам кўрсатиш тизими ишлаб чиқилади.
о 1200 нафар ногиронлиги бўлган шахсларни касбий маҳоратини ошириш ва иш билан таъминлаш, улардан камида ярмини 15-24 ёшли ёшлар ташкил қилиши белгиланган.
о 29 та Зўравонликдан жабрланган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш марказларига мурожаат қилган барча аёлларга сифатли ҳуқуқий, тиббий, психологик ва бошқа ёрдамлар кўрсатиш. Шунингдек, улар компьютер ва молиявий саводхонлик, ҳамда муайян касбий кўникмаларни ривожлантириш бўйича қисқа муддатли курслар доирасида ўқитилиши мумкин.
о Лойиҳа турли хил фавқулодда вазиятларга жавоб бериш учун тайёрланган мослашувчан ижтимоий ҳимоя тизимини ривожлантиришга кўмаклашади. Хусусан, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини иқлим ўзгаришига мослаштириш бўйича давлат сиёсати чоралари, тегишли механизмлар ва пилот дастур ишлаб чиқилади. Иқлим ўзгариши билан боғлиқ хатарлар тўғрисида хабардорликни ошириш ва улар билан боғлиқ оқибатларга жавоб чоралари кўриш учун зарур бўлган кўникмаларни ривожлантиришга йўналтирилган ушбу дастур қишлоқ жойларидаги 100 мингта ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларни қамраб
олади. Шу тариқа, уларга иқлимга чидамли экинларнинг уруғлари, қишлоқ хўжалиги қуроллари тақдим этилади, шунингдек, иқлимга мос қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича ўқув дастурларидан ўтиш имконияти берилади.
Лойиҳа тадбирларини амалга ошириш мамлакат расмийларига ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли гуруҳлари учун ижтимоий-иқтисодий имкониятларни кенгайтириш, уларнинг жамиятга интеграциялашувини таъминлаш, шунингдек, уларнинг фаровонлигини ошириш имконини беради.
Шарҳлар