Яккабоғдаги зарарли чигиртка босқини бартараф этилди
21 июнь ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманида зарарли чигиртка босқини юз бергани ҳақида хабарлар пайдо бўлди.
Видео муаллифи Мансур Мелиев 19 июнь куни Қашқадарё вилояти Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси Чигиртка ва тут парвонасига қарши кураш хизматига мурожаат қилган. Мурожаатга асосан ўша куннинг ўзида тасвирда акс этган майдонда кимёвий кураш тадбирлари амалга оширилиб, чигиртка хавфи бартараф этилган.
«Чигирткага қарши кураш тадбирлари ҳар йили анъанавий тарзда воҳа ҳудудларидан бошланади. Сабаби Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида ҳаво ҳарорати бошқа вилоятларга нисбатан эрта исийди. Кимёвий ишлов бериш тадбирлари ҳам эрта якунланади. Асосий босқич ортда қолган бўлиб, ҳудудда учрайдиган марокаш чигирткасининг ҳаёт фаолияти табиий якунланмоқда. Бунда чигирткалар фаол озиқланишдан тўхтайди, шу сабабли қишлоқ хўжалиги экинларига зарар етказмайди», – дейилади хабарда.
Айни вақтда аниқланаётган кичик тўдаларни бартараф этиш ишлари давом этмоқда. Кузатув тадбирлари вилоятнинг Ғузор, Деҳқонобод, Қамаши, Нишон, Чироқчи, Яккабоғ, Китоб туманларида давом этмоқда.
Шарҳлар