,

Яман ҳусийлари Адан кўрфазида Британия нефт танкерига ҳужум уюштирганини айтмоқда

Танкер
Иллюстративное фото. Источник: Интерфакс

“Ансор Аллоҳ” ҳаракати (Яманлик ҳусийлар) Адан кўрфази орқали Қизил денгизга сузиб кетаётган Британиянинг Marlin Luanda нефт танкерига ҳужум уюштирилганини эълон қилди, деб хабар бермоқда BBC.

Америка расмийларининг айтишича, зарба кемага қарши баллистик ракета билан амалга оширилган. Танкер юборган авария сигналига яқин атрофдаги ҳарбий кема жавоб берган.

Зарба натижасида экипаж аъзолари орасида қурбонлар бўлмаган. Танкер оператори Трафигура BBCга нефт олиб кетаётган кеманинг юк бўлимларидан бирида ёнғин бошланганини билдирган. Бортга ёнғин ўчириш ускуналари жалб қилинган.

Trafigura вакилининг сўзларига кўра, танкер Ғарб давлатлари томонидан белгиланган «шипдан» паст нархда сотиб олинган Россия нефтини олиб кетаётган бўлган.

Кейинроқ АҚШ Марказий қўмондонлиги Қизил денгизга қаратилган ва учиришга тайёрланаётган ҳусийларнинг кемага қарши ракетасини урганини маълум қилди. АҚШ ҳарбийлари Яманнинг ҳусийлар назорати остидаги ҳудудларида ракетани топиб, ўзини ҳимоя қилиш мақсадида уни йўқ қилган.

2023 йил кузидан бери Яман ҳусийлари Қизил денгиздаги кемаларга мунтазам ҳужум қилиб келмоқда. 14 ноябрь куни гуруҳ Исроил билан боғлиқ барча кемаларга ҳужум қилишини эълон қилиб, ўз ҳаракатларини “Ғазо секторидаги Америка-Исроил агрессияси”га жавоб деб атаган, бироқ нафақат ҳарбий кемалар, балки турли давлатларнинг тижорат кемаларига ҳам ҳужум қилинган.

10 январь куни Британия Мудофаа вазирлиги Британия флоти эсминецлари Америка кемалари билан биргаликда Қизил денгиздаги сўнгги пайтларда хусийларнинг энг йирик ҳужумини қайтарганини маълум қилди. Эртаси куни АҚШ ва Буюк Британия Ямандаги ҳусий нишонларига кенг кўламли зарбалар берган. Байден зарбаларни «мудофаа ҳаракатлари» деб атаганди.

17 январь куни Қўшма Штатлар Яманнинг ҳусийлар ҳаракатини Қизил денгиздаги кемаларга уюштирилган ҳужумлар муносабати билан қайта террорчи гуруҳлар рўйхатига киритди. Ҳусийлар Дональд Трамп маъмурияти лавозимини тарк этишидан бироз аввал террорчи ташкилотлар рўйхатига киритилган эди, бироқ Жо Байден даврида ҳусийлар Ямандаги гуманитар инқирозни янада кучайтирмаслик учун рўйхатдан ўчирилганди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.