Яна бир аёл зўравонлик қурбони бўлди

Фото: @nemolchiuz

​​Яна бир аёл зўравонлик қурбони бўлган. У турмуш ўртоғи 1990 йилда туғилган М.Р. томонидан қилинган мунтазам зуғм ва қийноқлар сабаб 11 ноябрь куни шифохонада вафот этган. Бу ҳақида тармоқ фаоли Ақида Ҳанум ўз телеграм каналида хабар берди.

Тармоқларда тарқалган хабарларга кўра 27 ёшли аёл турмуш ўртоғининг оила аъзолари томонидан касалхонага олиб борилган, бироқ кўрсатилган тиббий ёрдам ва муолажаларга қарамай «буйрак»лари ишламай қолганлиги сабабли вафот этган.

Аёлнинг отаси берган марҳум қизи ҳақида шундай фикрларни баён қилганлигини кўришимиз мумкин.

«Қизим, Қамчиева.Н.Б. 1996 йил 8 августда туғилган. У аввал соғлиги ҳақида бирор маротаба ҳам шикоят қилмаган эди. Унда болалигидан сурункали ҳеч бир хасталик кузатилмаган. Уни 2022 йил 30 июнь санасида 14.07.1990 йилда туғилган М.Рга турмушга берганмиз. Уларнинг ўртасида фақат шаръий никох бўлган, қонуний никохдан ўтишларини куёвимнинг оиласидагилар чўзиб келишганди. Сабаби унинг аввал биринчи оиласи бўлган бўлиб улар қонуний тарзда никохдан ажрашишмаган эди. Фарзандим ва куёвимнинг 2 нафар фарзанди бўлиб, қизим оиласи ҳақида уйга ҳеч бир ёмон гапларни олиб келмаганди шу пайтга қадар. Мана, 2 нафар набирам етим қолди. 8 ноябрь куни эса қизим жиянимга яъни акасига қўнғироқ қилиб «турмуш ўртоғи уни калтаклаётганлигини, бу биринчиси эмаслигини, қолаверса турмуш ўртоғи ўзининг телефон аппаратидан бошқа қизларнинг фотосуратини кўрсатиб улар билан муносабат қилаётганлигини билдириб, қизимни доимий қийнаб келганлигини» айтган. Шу куни куёвимнинг хонадонига етиб бордик», – дейди қизнинг отаси ўз муносабатида.

Шунингдек, эртаси куни қизининг ахволи оғирлашганини, уни қайнонаси ва кайнотаси 16-сонли Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази олиб боришган, бироқ у ерда шифокорлар аёлда буйраклари ишдан чиққанлиги, унга турли мосламалар ўрнатилиши лозимлигини, бироқ ушбу шифохонада бундай анжомлар йўқлигини айтиб уйга қайтариб юборишган. Эртаси куни эса соат 10:00 лар оралиғида яна бошқа шифохонага олиб боришган, бироқ кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамай аёл шифохонада вафот этган. Бу ҳақда марҳуманинг оила аъзолари маълум қилишган.

Ҳолат юзасидан марҳуманинг оила аъзолари ички ишлар органларига ва Олмазор тумани прокуратурасига мурожаат қилишган.

Қизнинг отаси берган маълумотга кўра ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилмаган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.