Япония Фарғона вилояти қишлоқ хўжалигини иқлим ўзгаришига мослаштириш учун 1 млн доллар ажратди
Ўзбекистонда иқлим ўзгаришининг кескин таҳдидларига жавобан Япония ҳукумати БМТ Тараққиёт дастури билан ҳамкорликдаги “Ўзбекистоннинг Фарғона водийсида мева-сабзавот маҳсулотларини етиштирувчиларнинг тирикчилиги учун иқлим ўзгаришига бардошли бўлган маблағ манбаларини яратиш” қўшма лойиҳасини амалга ошириш учун қарийб бир миллион ($ 956 147) АҚШ доллари ажратилишини маъқуллади. Бу ҳақда Anhor.uz нашрига БМТ ТД хабар беради.
Лойиҳа қишлоқ хўжалигини иқлим ўзгаришининг таъсири ва оқибатларига мослашувига, ҳамда Фарғона водийсида иқлим ўзгаришига бардошли бўлган ривожланиш туфайли ҳавога ташланаётган иссиқхона газлари даражасини нолга етказишга ҳисса қўшади. Масалан, иссиқхона газларини қисқартиришда миллий миқёсда белгиланган ҳиссаларни амалга ошириш йўлида саноат, қурилиш, қишлоқ хўжалиги ва иқтисодиётнинг бошқа секторларида ресурсларни тежовчи технологиялари қўлланилиши, қишлоқ хўжалиги ерларини унумдорлигини ошириш ва сув ресурсларини бошқариш тизимларининг такомиллаштирилиши кўзда тутилган.
Иқлим бўйича Париж шартномаси доирасида қабул қилинган иккинчи миллий миқёсда белгиланган ҳиссаларни Ўзбекистон ҳавога ташлашларни қисқартириш бўйича режаларини 300 фоизга етказди, 2030 йилга бориб иссиқхона газларини ЯИМ бирлигига солиштирганда ташланишни 2010 йил даражасига нисбатан 35 фоизга қисқартиришни режалаштирмоқда, бу эса дастлабки миллий миқёсда белгиланганҳиссаларда баён қилинган 10 фоизлик қисқартиришдан кўпроқдир. Иккинчи миллий миқёсда белгиланган ҳиссалардаги мослашув чоралари қишлоқ ҳамжамиятларини иқлим ўзгаришининг салбий таъсирларидан ҳимоя қилиш бўйича кенг кўламли ҳаракатларни қамраб олади.
Бир йилга мўлжалланган лойиҳа ташаббусини ишга тушириш 2022 йилнинг март ойига режалаштирилган ва у Ўзбекистон Республикаси Гидрометеорология хизмати маркази ва Фарғона водийсидаги маҳаллий ҳамкорлар билан амалга оширилади.
Лойиҳадан кўзланган мақсадга Фарғона водийсида агрометеорологик стансиялар тармоғини кенгайтириш, масофавий қамров ва замонавий моделлаштириш асосида агрометеомониторинг учун ақлли оператсион тизимни ишлаб чиқиш, ҳамда башоратлаштириш ва эрта огоҳлантириш тизимлар ишончлилигини ошириш орқали эришилади.
Ирригация мақсадлари учун сув билан таъминланишни прогноз қилиш ва эрта огоҳлантириш тизими қишлоқ хўжалиги экинларини асослаб режалаштирилган ҳолда экишда ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Шу муносабат билан, лойиҳа Фарғона водийсида мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш билан шуғулланувчи ҳамжамиятларга агрометеорологик ахборот хизматларини тақдим этишни кўзда тутади. Уларга прогноз қилишнинг такомиллаштирилган кузатув маълумотлари ва иқлимга чидамли бўлган мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш бўйича тегишли маслаҳат хизматлари тақдим этилади. Шунингдек улар иқлим ўзгарувчанлиги мева ва сабзавот экинларини етиштиришни режалаштиришга кўрсатадиган таъсири ҳақида билимларга эга бўлади.
Хусусий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлашга қаратилган бундай чоралар коронавирус пандемиясидан кейинги даврда хусусий мева-сабзавот бизнесини тиклашда, иқлим хатарликларидан муҳофаза қилишда муҳим ва зарур ҳисобланади. Шунингдек, лойиҳа трансчегаравий ҳудудлардаги кузатувлар натижасида олинган гидрометеорологик ахборотни алмашиш соҳасида минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш орқали Фарғона водийсида яшайдиган қўшни давлатлар ҳамжамиятларига ҳам ижобий таъсир кўрсатади.
Ўзбекистонда 1951 йилдан бери кузатилаётган иқлим илиши жараёнлари жаҳондаги ўртача кўрсаткичлардан икки карра баландроқ бўлиб чиқди ва кенг кўламли иқлим хатарликлари мавжудлигини кўрсатди. Айниқса мураккаб вазият Оролбўйи ҳудудида ва Фарғона водийсининг шарқий қисмида юзага келди, бу ерда қурғоқчилик, чўлланиш ва экстремал мавсумий об-ҳаво ҳодисалари иқлим ўзгариши билан янада мураккаблашмоқда ва маҳаллий аҳолининг асосий фаровонлиги ва озиқ-овқат хавфсизлигига таҳдид солмоқда. Демак, ҳосилдорлик ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари унумдорлиги пасайишининг олдини олиш, ёрдамга энг муҳтож аҳоли гуруҳларининг тирикчилиги учун воситалар ва озиқ-овқат билан таъминлаш мақсадида қишлоқ хўжалиги секторида зудлик билан илмий жиҳатдан асосланган мослашув чораларини қўллаш зарур.
Япония ҳукумати ва БМТТД ҳеч кимни ортда қолдирмайдиган иқтисодий, ижтимоий ва экологик ривожланишни қамраб олувчи давлат ислоҳотлари дастурларини қўллаб-қувватлашга йўналтирилган кенг кўламли лойиҳалар ва ташаббуслар доирасида амалга оширилаётган Ўзбекистон билан узоқ муддатли ҳамкорликни давом эттирмоқда.
Шарҳлар