Япониядаги кетма-кет зилзила қурбонлари сони 30 кишига етди
Япониядаги зилзила оқибатида, сўнгги маълумотларга кўра, 30 киши ҳалок бўлди, деб ёзади Kyodo маҳаллий ҳокимият органлари хабарларига таяниб.
7,6 магнитудали зилзила Ишикава префектурасидаги Важима шаҳрида кенг кўламли вайронагарчилик ва ёнғинларга сабаб бўлди, давом этаётган зилзилалар қутқарув ишларига тўсқинлик қилди. Шаҳарда етти қаватли бино қулаб тушди, марказий ҳудудда кучли ёнғин содир бўлиб, 200 дан ортиқ биноларни қамраб олди. Расмийларга кўра, Важима шаҳрида вайроналар остида қолган одамлар бўлиши мумкин. Етти жабрланувчи касалхонага ётқизилган.
Япониянинг Ишикава префектурасидаги қатор кучли зилзилалардан жабр кўрган ҳудудлар аҳолиси очиқ жойларда қўлга тушган буюмлар ёрдамида SOS сўзини ёзиб, ёрдам сўрамоқда.
NHK телеканали вертолётидан олинган кадрлар Ишикава префектурасининг Сузу шаҳридаги Каназава университети кампуси автотураргоҳида одамлар қувурлар, стуллар ва бошқа нарсалардан катта SOS белгисини ясаётганини кўрсатди.
Шарҳлар