Япониянинг машҳур телекўрсатуви Ўзбекистон ҳақида кўрсатув тайёрламоқда
Япониянинг машҳур “Жаҳон мероси” телекўрсатуви ижодкорлари Ўзбекистоннинг бой туризм салоҳияти ҳақида туркум фильмлар тайёрлаш учун Ўзбекистонга келди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Ижодий гуруҳнинг саёҳати Ўзбекистоннинг Токиодаги элчихонаси томонидан Туризм қўмитаси билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Маълумот учун, “Жаҳон мероси” телелойиҳаси 1996 йилдан буён Япониянинг “TBS” телерадиокомпанияси томонидан ЮНEСКОнинг Бутунжаҳон мероси маркази билан ҳамкорликда тайёрланиб, эфирга узатилиб келинмоқда. Бугунги кунга қадар TBS 134 мамлакатда жойлашган 690 та маданий ёдгорлик ҳақида 1000 дан ортиқ фильмлар тайёрлаган ва эфирга узатган.
“The World Heritage” ижодий жамоаси Тошкент, Самарқанд ва Бухоро шаҳарларида бўлиб, мамлакатимизнинг бетакрор меъморий обидалари, бой тарихий мероси ва гўзал табиати ҳақида HD, 3D ва 4K форматларида видео материаллар тўпламоқда. Ушбу ранг-баранг кадрлар келгуси йили Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган ЮНEСКО Бош конференциясининг 43-сессияси давомида эфирга узатилади.
Айни пайтда дунё аҳли Ўзбекистоннинг маданий ёдгорликлари билан танишиши ва уларни келажак авлодлар учун асраб-авайлаши учун “Видеомерос” махсус рақамли кутубхонасини яратиш бўйича муҳокамалар давом этмоқда.
Аввал Элчихона кўмагида 2023 йил 27 сентябрдан 1 октабргача Япония телевидениесининг “Crazy Journey” кўрсатуви ижодкорларининг Ўзбекистонга гастрол сафари муваффақиятли ташкил этилган эди. Тошкент, Самарқанд ва Хива шаҳарлари ҳақида тайёрланган фильм жорий йилнинг апрель ойида икки ҳафта давомида TBS телерадиокомпанияси томонидан қайта-қайта эфирга узатилиб, Япония жамоатчилигида Ўзбекистонга қизиқиш ортди.
Шарҳлар