Президент совға қилган Tahoe’да тезликни ошириб ҳаракатланган Асадхўжа Мўйдинхўжаев жаримага тортилди
Tahoe автомобилини бошқариб, Тошкент марказида соатига 110 км тезликда ҳаракатланган 2024 йилги Олимпия ўйинларининг бокс бўйича чемпиони Асадхўжа Мўйдинхўжаевга чора кўрилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ хабар бермоқда.
Ижтимоий тармоқларда давлат рақам белгиси 01 Z 001 ZZ бўлган Tahoe русумли транспорт воситаси ҳайдовчиси юқори тезликда (110 км/с) ҳаракатланганлиги акс этган видеолавҳа тарқалган. Ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ ходимлари томонидан ҳайдовчи 2001 йилда туғилган М.А.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖТКнинг 128 прим 3-моддаси 3-қисмига мувофиқ маъмурий баённома расмийлаштирилиб ҳайдовчи билан профилактик суҳбат олиб борилди, дейилади хабарда.
Ушбу моддага кўра, транспорт воситалари ҳайдовчиларининг белгиланган ҳаракат тезлигини соатига 20 километрдан ортиқ, лекин 40 километрдан кўп бўлмаган катталикда ошириб юбориши БҲМнинг беш баравари миқдорида (3 миллион 60 минг сўм) жарима солишга сабаб бўлади.
Эслатиб ўтамиз, боксчи ўз Instagram’ига йўл ҳаракати қоидаларини бузаётгани акс этган видеони жойлаган ва кейинроқ уни ўчириб ташлаган эди.
Асадхўжа Мўйдинхўжаев Франциянинг Париж шаҳрида ёзги Олимпиада баҳсларида бокс мусобақаларида ғолиб бўлиб, олтин медални қўлга киритганди. Олтин медаль соҳибларига президент совғаси сифатида 200 минг АҚШ доллари, икки қаватли коттедж билан бирга Tahoe автомобили совға қилинган.
Шарҳлар