Яширин иқтисодиётга қарши ўтказилган 1 315 та рейдларда 10,8 млрд сўмлик жарима қўлланилган

Foto: Soliq.uz

Солиқ органлари томонидан яширин иқтисодиётга қарши курашиш мақсадида, умумий овқатланиш соҳасида онлайн – НКТдан фойдаланиш ҳамда тадбиркорлик субъектлари томонидан айрим товарларни мажбурий рақамли маркировкалаш қоидаларига риоя қилиниши бўйича сайёр солиқ текширувлари ўтказилган.

Жорий йилнинг сентябрь-октабр ойларида ўтказилган 1 315 та назорат тадбирларида қатор ҳуқуқбузарлик ҳолатлари аниқланган. Натижада ҳуқуқбузарларга нисбатан жами 10,8 млрд сўм миқдорида молиявий жарима қўлланилган.

Умумий овқатланиш соҳасида :

  • 960 та ҳолатда харидорга онлайн-НКТдан 117,4 млн сўмга чек берилмаганлиги ҳамда 529,8 млн сўм нақд пуллар онлайн-НКТга кирим қилинмаганлиги;
  • 113 та ҳолатда 141 нафар норасмий ишчилар фаолият юритаётганлиги;
  • 63 та ҳолатда маркировкаланмаган 4,6 млн сўмлик алкогол маҳсулотлари савдога қўйилганлиги;
  • 15 та ҳолат (назорат хариди)да тўловларни жисмоний шахсларнинг банк пластик карталарига ўтказиш орқали амалга оширилганлиги;
  • 41 та ҳолатда фойдаланилаётган автоматлаштирилган ҳисобга олиш ўлчов воситаларини солиқ органлари ахборот тизимларига интеграция қилинмаганлиги аниқланган.

Маркировкалаш қоидаларига риоя қилиниши (121 та дори воситалари ва тиббий буюмлар 114 та алкогол, 84 та тамаки, 34 та маиший техника сотувчилар):

  • 343 та ҳолатда онлайн-НКТдан 32,4 млн сўмга чек берилмаганлиги ҳамда 283,2 млн сўм нақд пуллар онлайн-НКТга кирим қилинмаганлиги;
  • 47 та ҳолатда маркировкаланмаган 63,4 млн сўмлик маҳсулотлар савдога қўйилганлиги;
  • 21 та ҳолатда 6,3 млн сўмлик акциз маркасиз ва ҳужжатсиз алкогол ва тамаки маҳсулотлари савдога қўйилганлиги аниқланди.

Бундан ташқари, Солиқ қўмитаси ходимлари томонидан алкогол маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи «U.Sh» МЧЖда ўтказилган сайёр солиқ текширувида:

  • 31,1 млн сўмлик товар моддий захиралари қолдиғи омборларда мавжуд эмаслиги;
  • 38,9 млн сўмлик товар моддий захиралари қолдиғи омборларда ортиқчалиги;
  • 960,9 млн сўмлик 139,4 минг дона ишлаб чиқарилган алкогол маҳсулотлар бухгалтерияда акс эттирилмаганлиги;
  • 1 507,4 млн сўмлик 199 минг дона ишлаб чиқарилган алкогол маҳсулотлари бўйича маълумотлар “Асл белгиси” ахборот тизимига юборилмаганлиги;
  • 7 нафар ишчиларнинг иш ҳақи суммаси ҳисоботда акс эттирилмаганлиги аниқланди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.