Қорақалпоғистонда туман ҳоким ўринбосари жавобгарликка тортилди
Қорақалпоғистонда туман ҳоким ўринбосари жавобгарликка тортилди, деб хабар бермоқда Бизнес-омбудсман ахборот хизмати.
Бизнес-омбудсман девони томонидан ўтказилган ўрганишда Қорақалпоғистон Республикаси Шуманай тумани ҳокими ўринбосари А.Б.нинг «Тадбиркор виртуал офиси» орқали «ЙКН» МЧЖ (номи ўзгартирилган) раҳбари йўллаган мурожаатни бир ойдан ортиқ вақт ўтгандан кейин кўриб чиққани аниқланган.
Ўзбекистон Республикаси “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонуннинг 27-моддасида мурожаатларни кўриб чиқиш натижалари ва қарор қабул қилиш тартиби тасдиқланган. Унга кўра, мурожаатларни кўриб чиқишдан сўнг давлат органи, ташкилот ёки уларнинг мансабдор шахслари ҳар бир ариза ва шикоят бўйича қарор қабул қилади. Бу ҳақда мурожаатчига дарҳол ёзма ёки электрон шаклда хабар етказади.
Қонуннинг 28-моддасида эса ариза ёки шикоят масалани мазмунан ҳал этиши шарт бўлган давлат органи, ташкилот ёки уларнинг мансабдор шахсига келиб тушган кундан эътиборан 15 кун ичида, қўшимча ўрганиш ва (ёки) текшириш, қўшимча ҳужжатларни сўраб олиш талаб этилганда, 1 ойгача бўлган муддатда кўриб чиқилиши белгилаб қўйилган.
Мансабдор шахс юқоридаги ҳаракати орқали “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонун талабларини бузиб, Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 43-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этгани учун унга нисбатан Бизнес-омбудсман девони томонидан маъмурий баённома тузилди.
Маълумот ўрнида: жорий йил бошидан бугунги кунга қадар Қорақалпоғистон Республикасида мансабдор шахслар томонидан жами 88 та ҳуқуқбузарлик содир этилган бўлиб, Бизнес-омбудсман девони томонидан уларга нисбатан тегишли тартибда маъмурий баённома тузилган.
Шарҳлар