Экология вазирлиги Чирчиқ дарёсидан қиймати 80 млрд сўмдан ортиқ бўлган қум ва шағал ноқонуний олинганини аниқлади

Фото: Министерство экологии

Экология вазирлиги Тошкент шаҳрининг Сергели туманидан оқиб ўтувчи Чирчиқ дарёсининг соҳилбўйи зонасида рейд ўтказди.

Аниқланишича, қум-шағал экскаватор ва иккита автомашина ёрдамида қазиб олиниб, уларнинг ўрнига қурилиш бетонининг қолдиқлари ётқизилган. Воқеа жойида машиналар тўхтатилди.

Экология вазирлиги «GRM» МЧЖга тегишли ускуналар ёрдамида ҳеч қандай рухсатсиз иш олиб борилганини аниқлади.

Сергели тумани ҳокимининг 2019 йил 26 августдаги қарорига асосан ободонлаштириш ишларини олиб бориш мақсадида «GRM» компаниясига қурилиш ҳудудидан 2,26 гектар ер ажратилган. Буйруқнинг 3-бандида ушбу ҳудудга гул ва дарахт кўчатлари экиш назарда тутилган, унинг 4-бандида эса қурилиш ва бошқа чиқиндиларни белгиланган ҳудудга жойлаштириш жавобгарликка сабаб бўлиши ҳақида огоҳлантирилган.

Шунга кўра, “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 22- моддаси ва “Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида”ги 41-моддаси талаблари бузилган. Ноқонуний қазиб олиш натижасида етказилган зарар 21,4 миллиард сўмни, чиқиндиларни ноқонуний олиб чиқиб кетиш натижасида етказилган зарар эса 112,5 миллион сўмни ташкил этган.

Бундан ташқари, Бош прокуратуранинг хати асосида Чирчиқ дарёсининг бошқа участкасида ҳам ўрганиш ишлари олиб борилди.

Маълум бўлишича, дарё ҳимоя зонаси ва қирғоқ бўйлаб қарийб 4 гектар майдонда қум ва шағалларни ноқонуний қазиб олиш ишлари олиб борилган. Табиатга етказилган зарар қарийб 62,3 миллиард сўмни ташкил этган.

Тўпланган ҳужжатлар тегишли чоралар кўриш учун Бош прокуратурага юборилди.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.