Экология вазирлиги «М-25” конида водород сульфид сизиб чиқишидан кўрилган зарар миқдорини баҳоламоқда
Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги мутахассислари Бойсун туманидаги “М-25” конида водород сульфиди сизиб чиқиши натижасида атроф-муҳитга етказилган зарарни баҳоламоқда. Вазир ўринбосари Жусипбек Казбеков вазият ҳақида гапирди.
“Биз кўчма лабораториялар ва эколаборатория жиҳозларини ўзимиз билан бирга олиб келдик. Жойлардаги ўлчаш ишларида шахсан ўзим қатнашдим. Ҳаво намунаси турли нуқталарда ҳар соатда олинди. Кон яқинида қишлоғимиз ҳамда “Мустақилликнинг 25 йиллиги” газ-кимё мажмуаси жойлашган. Биз ушбу ҳудудларда тадқиқот олиб бордик, зарарни баҳолаш ишлари лойиҳа ҳужжатлари ёки олинган ўлчовлар натижалари асосида амалга оширилади”, – деди у.
Унинг сўзларига кўра, зарарни баҳолаш лойиҳа ҳужжатлари ва ўлчов натижалари асосида амалга оширилади. Ҳисоб-китоблар тугаллангач, улар белгиланган тартибда тақдим этилади.
1-15 сентябрь кунлари Экология вазирлиги ва СЭХ (санитария-эпидемиология хизмати) ходимлари биргаликда заҳарланиш эҳтимоли бўлган ҳудудларда тадқиқот ўтказган. Улар мунтазам равишда республика штабига маълумот бериб туришган.
“Ҳозирги вақтда ходимларимиз воқеа юзасидан тадқиқот олиб бориш учун яна ҳудудга жўнаб кетишди. Биз ўз вазифамизни қонунчиликка мувофиқ бажаришда давом этяпмиз” – дея таъкидлади Казбеков.
Вазир ўринбосари, шунингдек, ҳозирда конда водород сульфидининг ортиқча концентрацияси йўқлигини таъкидлади. Ҳодисага ишлаб чиқаришдаги техник носозликлар сабаб бўлган.
“Кеча нормадан ошиши кузатилмади. Биз 7 хил газнинг контсентрациясини ўлчаяпмиз, меъёрдан ошиб кетиш ҳолатлари қайд этилмади” – деди у.
Шарҳлар