Экологияга зарар етказиш билан боғлиқ жиноятлар оғир жиноятлар тоифасига киритилади

Источник: Госкомэкологии

Экология ва атроф-муҳитга зарар етказиш, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси объектларини йўқ қилиш ёки бузиш билан боғлиқ жиноятлар оғир жиноятлар тоифасига киритилади. Бу Ўзбекистон президентининг 31 майдаги “Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасини трансформация қилиш ва ваколатли давлат органи фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган. “Газета.uz” бунга эътибор қаратади.

Янги ташкил этилган Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгаришлари вазирлигига 1 сентябрга қадар Бош прокуратура ва Ички ишлар вазирлиги билан биргаликда тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини тайёрлаш топширилди.

Худди шу санага қадар давлат ўрмон фондига киритилмаган дарахт ва буталарнинг қимматли турларини кесишга республикада амал қилаётган мораторий талабларини бузганлик учун маъмурий жарима миқдорини 5 бараварга ошириш бўйича тузатишлар тайёрланиши лозим.

Шу билан бирга, қонунга хилоф равишда кесилган дарахт ўрнига унинг ўрнини босувчи дарахт кўчатларини экиш мажбурияти қўшимча тартибда айнан кесилган дарахт униб чиққан жойга белгиланиши керак. Бундан ташқари, юридик шахсларга базавий ҳисоб миқдорининг 100 бараваридан 300 бараваригача миқдорда молиявий жазолар қўлланилади.

Ўзбекистон Қизил китобига киритилган ҳайвонларни ноқонуний овлаш натижасида ҳайвонот дунёсига етказилган зарарнинг ундирилиши миқдори 10 баравар, ўсимликларнинг ўсиши тўхтаб қолгунча ёки йўқ қилишгача зарарланиши натижасида етказилган зарарнинг ундирилиши миқдори – 5 баравар оширилади.

Ишлаб чиқариш, маиший ва бошқа чиқиндиларни йиғиш, ташиш, жойлаштириш, зарарсизлантириш, сақлаш, утилизация қилиш, қайта ишлаш ва сотиш жараёнида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш талабларини бузганлик, шунингдек қаттиқ маиший ва қурилиш чиқиндиларини ва суюқ маиший чиқиндиларни белгиланмаган жойларга ташлаганлик  учун маъмурий жарималар эса 10 баробарга оширилади.

Шу билан бирга, юридик шахслар учун БҲМнинг 100 дан 300 бараваригача бўлган қўшимча молиявий жазолар жорий этилади.

Сувнинг ифлосланиши ёки тиқилиб қолиши, сув ҳавзаларида сувни муҳофаза қилиш режимини бузганлик, шунингдек, оқава сувларни сув объектларига оқизишга йўл қўйилиши шарт-шароитлари талабларини бузганлик учун маъмурий жарималар миқдори 5 баравар оширилиши лозим.

Ўрмон фондидаги ердан қонунга хилоф равишда фойдаланганлик учун алоҳида маъмурий ва жиноий жавобгарлик жорий этилади.

Бундан ташқари, ўрмон фонди ерларида бино, иншоотлар ва иморатларни қонунга хилоф равишда қурганлик тўғрисида алоҳида норма киритилиб, унинг жазо чоралари суғориладиган ерларни ўзбошимчалик билан олиб қўйиш учун белгиланган жазо чораларига тенглаштирилади.

Ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлганлик учун маъмурий жарима миқдори 10 баробар оширилади. Ушбу ҳуқуқбузарликни содир этган шахслар ҳайвонларни сақлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинади.

Қонунчилик даражасида Ўзбекистон ҳудудида атроф-муҳитни ифлослантирганлик ва чиқиндиларни жойлаштирганлик учун компенсация тўловларини белгилаш ва қўллаш тартиби тўғрисидаги низом жорий этилади. Бу соҳада берилган имтиёзлар бекор қилинади.

Барча ўсимлик ва ҳайвонот дунёсидан фойдаланиш учун квоталарни белгилаш масаласи ҳам қонунчилик даражасида тартибга солинади.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.