Экологлар Ўзбекистон бозорларидаги чиқиндихоналарга қарши кураша бошлади
Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вазирлигининг Чиқиндиларни бошқариш ва айланма иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги, унинг ҳудудий бошқармалари, Ички ишлар бошқармаси ва солиқ идоралари ходимлари томонидан Хоразм вилоятида назорат рейдлари ўтказилди, деб хабар бермоқда Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вазирлиги.
Хива шаҳридаги деҳқон бозорида ўтказилган рейд давомида чиқинди ва ноқонуний чиқиндихона аниқланди. Шунингдек, “Хива Шаҳри Деҳқон бозори” акциядорлик жамияти бозори маъмурияти томонидан чиқинди йиғиш учун жой ташкил этилмагани, махсус контейнерлар ўрнатилмагани маълум бўлди. Мазкур ҳолат юзасидан бозор раҳбари номига маъмурий баённома расмийлаштирилиб, ҳуқуқий баҳо бериш ва чора кўриш учун судга юборилди.
Текширув давомида маълум бўлишича, бозор чиқинди йиғувчи корхонага 5 миллион сўм қарздор бўлиб қолган, бозор раҳбари бу қарзни тўлаб, ҳудудга чиқинди қутиларини ўрнатишни ўз зиммасига олган.
Ўзбекистонда маиший ва қурилиш чиқиндиларини рухсат этилмаган жойларга ташлаш мансабдор шахсларга 20 дан 30 бараваригача (7,5 миллион сўмдан 11,2 миллион сўмгача) жарима солишга сабаб бўлади. Бир йил ичида такроран қоидабузарлик содир этилган тақдирда, 30 дан 50 БРВгача жарима солинади.
Шарҳлар