Экопартия Ботаника боғини ҳокимликка бермасликка чақирди
Ўзбекистон Экологик партияси экожурналист, Sreda.uz сайтининг муаллифи Наталья Шулепинанинг Тошкент ботаника боғини Фанлар академияси тасарруфидан пойтахт ҳокимлиги тасарруфига ўтказиш режаларидан хавотир билдирган мақоласига жавоб берди, деб ёзади «Газета» нашри.
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш бўйича идоралараро порталда “Дам олиш боғлари фаолияти ва уларни бошқариш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги ҳукумат қарори лойиҳаси пайдо бўлди (жамоатчилик учун ёпиқ).
Лойиҳага кўра, 65,4 гектар майдондаги Ботаника боғи янги ташкил этилган “Дам олиш боғларини бошқариш дирекцияси” давлат муассасаси балансига шаҳар ҳокимлиги тасарруфига ўтказилиши режалаштирилган. Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши ва Ўзбекистоннинг барча вилоятлари ҳокимликлари ҳузурида бир хил бошқармаларни ташкил этиш таклиф этилмоқда.
“Фанлар академияси Ботаника институтига қарашли академик Ф.Н.Русанов номидаги Тошкент ботаника боғи ноёб илмий объект ҳисобланади. Шу боис, Ботаника боғини Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳасидан чиқариб ташлаш, мақоми ва муҳофазасини кучайтириш, унга миллий боғ мақомини бериш зарур, деб ҳисоблаймиз”, — дейди Экопартия вакиллари.
Партия қарор лойиҳасида рўйхатга киритилган истироҳат боғлари ҳудудидаги ер майдонларини савдо ва пуллик хизматлар кўрсатиш учун ижарага бериш, шунингдек, аттракционлар ўрнатиш назарда тутилганини қайд этди. “Бундай тадбирлар сайёрамизнинг бешта қитъасидан олиб келинган Тошкент ботаника боғида мавжуд бўлган ноёб ўсимлик дунёси объектларига жиддий салбий таъсир кўрсатади”, — дейилади хабарда.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Экопартия фракцияси шу мавзуда ҳукуматга парламент сўровини юборди.
Шарҳлар