«Электрда узилиш бўлса у 15 дақиқада ёнадими» — ижтимоий тармоқларда нима гап
«Ортиқча электр қувватидан фойдаланилганида ўчган свет энергетиклар айтаетганидек, 15 минутда автомат ёнадими? Энергетика вазирлиги электр ускуналаридан ортиқча фойдаланганда автоматик тарзда ўчириб қўйиш амалиёти вақтинча тўхтатилганини билдирмоқда. Шу билан бирга, истеъмолчи ортиқча ускуналарни ўчириб, кучланишни белгиланган меъёрдан камайтирса, ҳисоблагич узоғи билан 15 дақиқа ичида автоматик равишда ёниши иддао қилинмоқда. Амалиётда аслида нима бўлаётганини видеода кўришингиз мумкин», – дея муносабат билдирмоқда «bakiroo» телеграм канали маъмури.
Ушбу видеолавҳа фаол фуқаролар томонидан телеграм каналлари ва турли тармоқлар орқали тарқалмоқда.
Шунингдек, кеча оқшомда 1055-сонли Марказий диспетчерлик хизмати томонидан хам хабарлар тарқатилган эди.
«Ҳурматли истеъмолчилар, 10 кВт/соат истеъмол лимити жорий этилиши муносабати билан электр энергияси узилишларига йўл қўймаслик мақсадида, юқори қувватга эга қўшимча қурилмаларни ёқмасликни сўраймиз. Саволлар бўлса 1154 рақамига мурожаат қилинг!», – дейилади хабарда.
Тарқалаётган хабарлар юзасидан Энергетика вазирлиги матбуот котиби Ҳасан Тошхўжаев муносабат қолдирди. Унга кўра:
«Хонадонда электр ускуналаридан ортиқча фойдаланганда автоматик тарзда ўчириб қўйиш амалиёти вақтинча тўхтатилди. Айни пайтда ижтимоий тармоқларда соатига 4,5 киловатт соатдан ортиқча электр энергияси ишлатган хонадон электр таъминотидан узилиши ҳақида тасдиқланмаган хабарлар эълон қилиняпти», – дейди Ҳасан Тошхўжаев.
Хўш, бу гап қаердан чиқди ўзи?
Маълумки, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 январдаги 22-сонли қарори билан қабул қилинган Қоидаларнинг 63-4-бандига асосан, истеъмол қилинадиган электр энергиясидан оқилона фойдаланиш мақсадида маиший истеъмолчиларнинг электр энергияси истеъмоли юклама орқали чегараланиши, бунда “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ томонидан электр энергиясини назорат қилиш ҳамда ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизими доирасида истеъмолчиларга эҳтиёжлари учун зарур бўлган қурилмаларнинг минимал қувватидан ва жойлашган ҳудудидан келиб чиқиб, ҳисоблагич орқали 10 – 15 кВт қувват доирасида чеклов киритилиши кўзда тутилган.
Демак, соатига 4,5 киловатт соат деган гап шу банднинг нотўғри талқини бўлмоқда.
«Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, бу амалиёт истеъмол юқори бўлган жойларда қўлланилади ва истеъмолчи ортиқча ускуналарни ўчириб, кучланишни белгиланган меъёрдан камайтирса, ҳисоблагич узоғи билан 15 дақиқа ичида автоматик равишда ёнади», – дейилади хабарда.
Бироқ ҳаво ҳароратининг совуқ кунларида истеъмолчиларни қўллаб-қувватлаш мақсадида бу норма вақтинча бекор қилинди.
Яъни, хонадон эгаси электр энергиясидан белгиланган меъёрдан ортиқча фойдаланганда, ҳисоблагич автоматик тарзда ўчириб қўйилмайди.
Муносабатда «Ҳурматли истеъмолчилар, кераксиз, ортиқча электр ускуналардан имкон қадар фойдаланмасликларингизни, электр энергиясини тежашларингизни ва беҳуда ёниб ётган қувватларни ўчириб қўйишларингизни сўраймиз», – дейилган.
Ёдда тутинг: агар хонадонингизда электр токи ортиқча юклама билан ўчган бўлса, юкламани камайтирганингиздан сўнг электр таъминоти 10 – 15 дақиқа орасида автоматик равишда тикланади.
P.S. Дарвоқе, сиз соатига 15 кВт ишлатиш учун қанча электр ускуналари ёниб туриши кераклигини биласизми?
Масалан, 15 кВт соат электр энергияси сарфлаш учун бир вақтнинг ўзида бир соат давомида 6 та музлаткич, ўртача 1,5 кВт қувватли 3 та кондиционер ва 3 та электр печи ёниқ туриши керак.
3 та телевизор ҳамда 20 та лампочканинг истеъмол ҳажми, нари борса, 1,5-2 кВт соат бўлиши мумкин холос.
Шундай экан, 98 фоиз аҳолининг хавотир олишига мутлақо ўрин йўқ.
Шарҳлар