Энди тадбиркорлик компаниясининг филиали ҳар бир вилоятда ташкил қилинади

Foto: prezident.uz

Эндиликда кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлашда барча банклар ва микромолия ташкилотлари иштирок этиши мумкин бўлади.

Масалан, 100 миллион сўмгача микрокредит бор-йўғи 9 фоиз тадбиркорларнинг эҳтиёжи учун етарли эканлиги маълум бўлди. Шу боис, микрокредитлар миқдори 3 карра оширилиб, 300 миллион сўмга етказилади. Бунда кредитнинг 100 миллион сўмгача бўлган қисмига гаров талаб қилинмайди. Бу мақсадга бир йилда 10 триллион сўм берилади.

Энди тадбиркорлик компаниясининг филиали ҳар бир вилоятда ташкил қилинади. Компания ва унинг филиаллари ҳудудларда салоҳияти бор тадбиркорларни аниқлайди. Компания кафилликлари яхши кредит тарихи ва юқори барқарорлик рейтингига эга тадбиркорларга берилади.

Шунингдек, микромолия хизматларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш давом эттирилади. Уларга жорий йилдаги 1,6 триллион сўмга қўшимча 1 триллион сўм ресурс ажратилади.

Шу билан бирга, устав капитали камида 50 миллиард сўм бўлган микромолия банкларини ташкил этишга рухсат берилади. Ушбу банклар кредит портфелининг камида 70 фоизи кичик ва ўрта бизнесни молиялаштиришга йўналтирилади.

Микромолия ташкилотлари томонидан тадбиркорларга хорижий валютада хизмат кўрсатиш ва лицензия асосида тўлов ташкилоти сифатида фаолият юритишга рухсат берилади.

Ҳозир кўп экспортчилар йирик хорижий савдо тармоқларига 3-4 ой кечиктириб тўлаш шарти билан маҳсулот етказиб бермоқда. Узлуксиз ишлаб чиқариш учун корхоналарда айланмага эҳтиёж ошаяпти. Лекин, ҳамма тадбиркорда ҳам янги кредит олиш, унга гаров топиш имконияти йўқ.

Тадбиркордан гаров талаб қилмайдиган энг қулай инструмент бу – факторинг. Халқаро молия корпорациясига кўра, бизда 10 миллиард долларлик факторинг хизматига талаб бор. Ҳозир бу хизматни фақат банклар, микромолия ташкилотлари кўрсатаяпти.

Бундан буён банк бўлмаган янги институт – факторинг ташкилоти учун йўл очилади. Улар хорижий валютада ҳам хизмат кўрсатиши мумкин бўлади. Бу жараёнда қатнашадиган банк, микромолия, факторинг ташкилоти ва тадбиркорлар фойдаланадиган алоҳида электрон платформа ишга тушади. Яъни, тадбиркор ундан ўзига қулай молиявий маҳсулотни танлаш имкониятига эга бўлади.

Ўтказилган сўровда тадбиркорларнинг 38 фоизи ислом молияси асосида ресурс олиш истагини билдирган. Ўтган ойда микромолия ташкилотларига исломий шартлар асосида хизмат кўрсатишга рухсат берилди.

Тайёрланган янги қонун лойиҳаси қабул қилинса, ислом молияси билан банклар ҳам ишлаши мумкин бўлади. Бу – янги молиявий хизматлар тақдим этилиши, кўп инвесторлар кириб келиши ва 5 миллиард долларлик қўшимча ресурс пайдо бўлишига туртки беради.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.