Энди қурилиш даврида ер солиғига 50 фоиз имтиёз берилади
Давлат банклари берган кредитнинг 92 триллион сўми ёки 30 фоизи 10 та йирик давлат корхонасига тўғри келади.
Ҳозирда йирик корхоналар трансформация қилинмоқда, молия бозорларига мустақил чиқиб, ўзи маблағ жалб қилишга ўргатилмоқда. Энди давлат жалб қилган маблағларни йирик корхоналарга бериш амалиётидан босқичма-босқич воз кечилади. Бундай маблағларни бериш икки йил ичида камида 40 фоизга қисқаради. Банклар бунинг ҳисобидан камида 30 триллион сўмни хусусий бизнесга йўналтиради.
Очиқ мулоқот доирасида келиб тушган 11 мингта мурожаатдан 2 мингтаси ер ва инфратузилма билан боғлиқ. Жойларда ўтказилган сўровда ҳам 55 фоиз тадбиркор электр энергияси, газ таъминотида, тармоққа уланишда муаммо борлигини айтган.
Сўнгги йилларда мамлакатда хусусий мулк дахлсизлигини таъминлаш бўйича амалий ишларга қарамасдан, ердан инвестиция сифатида фойдаланиш тизими ҳали орқада экани кўрсатиб ўтилди.
Ер бозори шаклланиши таъсирида янги инвестиция лойиҳаларида ер сотиб олиш харажатлари кескин ошаётгани қайд этилди. Тадбиркор ерга бунча катта харажат қилгандан кейин қурилиш, техника ва ускунага маблағи етмай қолаётганлигини айтди.
Эндиликда тадбиркор аукциондан ер сотиб олганда унга қўшилган қиймат солиғи ҳисоблаш бекор қилинади.
Тошкент шаҳри ва вилоят марказларида сотилган ер бўйича харид суммасини уч йилгача, қолган ҳудудларда беш йилгача, 4 ва 5-тоифа туманлар учун эса ўн йилгача бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат берилади. Энди тадбиркорлар дарҳол тўлов қиламан деса, 20 фоизгача чегирма берилади.
“Ер – энг чекланган ресурсимиз ва у доим иқтисодий наф келтириши керак”, – деди Президент.
Шу боис, янги ерларни ажратишда биноларни лойиҳалашдан объектни топширишгача бўлган муддатлар мажбурий кўрсатилади.
Бунда қурилиш даврига ер солиғи бўйича 50 фоиз имтиёз берилади (вилоят марказларидан ташқари). Қурилишга рухсат олиш муддати давлат органи айби билан ўтказиб юборилса, қурилиш вақти шу муддатга узайтириб берилади. Муддатида бўлмаса, ер суд орқали қайтариб олинади ёки бошқа тадбиркорга сотилади.
Шунингдек, ҳар бир ер участкаси учун асосий фаолият турини қайсиларига алмаштириш мумкинлиги, қандай ёрдамчи иншоотларни жойлаштира олиши аниқ белгилаб берилади.
Бунинг учун, 1 январдан ер участкалари ва капитал қурилиш объектларининг ягона классификатори жорий этилади. Шунинг ҳисобига тадбиркорлар бир йилда ўз ерига 800 миллиард сўмлик инвестиция киритади.
Шарҳлар