Эндиликда чет эл фуқароларини Ўзбекистонга ЯИДХП орқали таклиф қилиш мумкин

Фото: Qalampir.uz

Вазирлар Маҳкамасининг 06.11.2023 йилдаги қарори билан Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни Ўзбекистон Республикасига таклиф қилиш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламенти тасдиқланди.

Регламентга асосан, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни Ўзбекистонга таклиф қилиш учун ички ишлар органларининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаларига бевосита ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) орқали мурожаат қилиш лозим.

Регламент қуйидагиларни белгилайди:
• чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни таклиф қилиш учун ариза билан мурожаат қилиш тартибини;
• ички ишлар органларининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмалари томонидан аризаларни автоматлаштирилган тизим орқали қабул қилиш ва кўриб чиқиш тартиби ҳамда муддатларини;
• чет эл фуқароларини таклиф қилиш бўйича QR-код билан ҳимояланган таклифномаларни расмийлаштириш ва ариза берувчига тақдим қилишни.

Регламентдан фотокўчирма

Ариза берувчи чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни Ўзбекистонга таклиф қилиш учун ўз хоҳишига кўра доимий ёки вақтинча рўйхатдан ўтган манзилидан қатъи назар, экстерриториаллик тамойили асосида исталган ваколатли органга ўзи келиб мурожаат қилади ёки давлат хизматидан электрон шаклда фойдаланади.

Давлат хизмати кўрсатилганлиги учун давлат божи БҲМнинг 5 фоизини ташкил қилади.

Ваколатли орган томонидан сўровномага киритилган маълумотларнинг ҳаққонийлиги автоматлаштирилган ахборот тизими ёрдамида икки иш куни ичида текширилади.

Маъқулланган ариза бўйича бир иш куни давомида таклифнома расмийлаштирилади (QR-код билан) ҳамда у ариза берувчига тақдим этилади ёки ариза берувчининг ЯИДХПдаги шахсий кабинетига юборилади.

Таклифнома берилган кундан бошлаб уч ой давомида амал қилади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.