Энергетика вазири Ўзбекистон Россияга нефть-газ конларини бермаганини билдирди
Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов 12 февраль куни журналистлар билан учрашувда «Озодлик» радиосининг «Махфий келишувлар — ўзбекни газсиз қолдирган „валломатлар“ ким?» сарлавҳаси остидаги суриштирувига изоҳ берди (видео), деб ёзади «Газета.uz».
«Озодлик» ўз видеосида 2017 йилда «[Россия президенти Владимир] Путиннинг олигархларига 35 йил давомида мамлакатнинг нефть ва газ конлари устидан тўлиқ ва эксклюзив назорат ҳуқуқи берилганини» билдирган.
Мақоланинг ўзбекча версиясида айтилишича, Кипрнинг Altmax Holding компанияси «ва унинг Natural Gas-Stream бўйича ҳамкорлари Ўзбекистон ҳукумати билан шартнома имзолаган, унга кўра улар Ўзбекистонда ҳар қандай нефть ва газ лойиҳаларини амалга ошириш учун 35 йилга мутлақ бошқарув ҳуқуқига эга бўлган».
Бундай баёнотга Gas Project Development Central Asia AG (ўша пайтда «Газпром» таркибига кирувчи) ва «Uzneftegazdobycha» (Ўзбекнефтгазга тегишли) билан биргаликда инвесторлар консорциуми таркибига кирувчи Altmax Holding молиявий ҳисоботи матни асос бўлган (2015 йилда Бахтиёр Фазилов томонидан Кипрда яратилган, 2017 йилда Россия шахмат федерацияси президенти ва йирик бизнес эгаси Андрей Филатов компаниянинг 50% улушини сотиб олган).
Ҳужжат кўчирмасида айтилишича, 2017 йилнинг 5 апрелида консорциум Ўзбекистон билан Сурхондарё вилоятидаги «Мустақилликнинг 25 йиллиги» (М25) кони бўйича газ-кимё мажмуаси қурилиши юзасидан 35 йилга битим имзолаган. Инглиз тилидаги матнда эса Gas Project Development Central Asia AG ва «Uzneftegazdobycha» (инвесторлар) Ўзбекистон билан «инвесторларга Ўзбекистондаги барча нефть ва газга нисбатан эксклюзив ҳуқуқлар бериш» тўғрисидаги битимни имзолагани айтилади.
Жўрабек Мирзамаҳмудов журналистлар билан суҳбатда Ўзбекистон барча газ ва нефтга нисбатан эксклюзив ҳуқуқни Россияга қарашли компанияга 35 йилга берганини рад этди.
«Ёлғон. Бу — мутлақо асоссиз ва нотўғри талқин қилинган маълумот. Барча эксплуатациядаги конларнинг аксарияти „Ўзбекнефтгаз“ АЖга тегишли. Бу ахборот фақатгина „Мустақилликнинг 25 йиллиги“ номли конни ўзлаштириш ва ишлатишга тегишли», — таъкидлади у.
Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда ҳозир 250 дан ортиқ нефть ва газ кони мавжуд, у — шу конларнинг биттаси.
Шарҳлар