Энергетика вазирлигининг раҳбари: энергия ресурсларининг танқислиги ташқи омиллар билан боғлиқ эмас
Бош вазир ўринбосари, энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов Ўзбекистон аҳолини Россия ва Қозоғистон билан «газ иттифоқи»да ихтиёрий равишда иштирок этишга кўндириш мақсадида энергия ресурсларининг сунъий танқислигини яратаётгани ҳақидаги тахминларга изоҳ берди. Бу ҳақда «Газета.uz» нашри ёзади.
«Таъкидлаш жоизки, бу [энергетика ресурслари танқислиги] қандайдир ташқи омиллар билан боғлиқ бўлмаган ҳолат. Бу ички истеъмолнинг ошиши, иқтисодиётнинг ўсиши, аҳоли сонининг кўпайиши, одамлар фаровонлиги ва даромадлари билан боғлиқ, шунинг учун ҳам энергия ресурсларига бўлган эҳтиёж ва талаб кескин ўсиб бормоқда. Шуни айтиб ўтиш керакки, биз бу эҳтиёжни етарли даражада ва етарли ҳажмда қоплай олмаганимиз учун айбдормиз», — деди у.
Энергетика вазирининг таъкидлашича, газга бўлган эҳтиёжни қоплаш учун импорт қилиш керак.
«Талабни қоплаш, ички истеъмолни таъминлаш ва муаммони ҳал қилиш мақсадида бугун биз газ ва электр энергиясини қандайдир альянс ёки иттифоқ орқали эмас, балки қўшни давлатлардан импорт қилиш бўйича музокаралар олиб бормоқдамиз. Бу ерда биз энергия тармоқларни кимгадир бериб юбориш билан эмас, балки тижорат шартномаси, олди-сотди шартномаси асосида ҳамкорлик қилиш учун миллий манфаатлардан келиб чиққан ҳолда музокаралар олиб бормоқдамиз», — таъкидлади у.
Ноябрь ойи охирида Россия президенти Владимир Путин Россия, Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг «уч томонлама газ иттифоқи»ни тузишни таклиф қилгани маълум бўлди. Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев бу таклифни кўриб чиқишга тайёрлигини ва Путин бу борада Шавкат Мирзиёевга қўнғироқ қилмоқчи эканини билдирди.
Кейинроқ Путин ва Мирзиёев телефон орқали мулоқот қилди, бироқ газ иттифоқи билан боғлиқ тафсилотлар маълум қилинмади.
Ўзбекистондаги газни асосий қисми чеккага чиқиб кетаяпти, Ўзбекистонда газ танқислиги ҳосил бўлаяпти. Ўзимизни газимизни ўз халқимизга етказиб бера олмаяпмиз. Демак, газни назорати бошқаларни (Россия) қўлидами? Агар ташқи омиллар билан боғлиқ бўлмаса ички омиллар (коррупция) билан боғлиқ демоқчимисиз? Унда газни Ўзбекистон бўйича назорат қилувчи юқори ташкилот органларида ишлайдиган «билимли иқтисодчи» ларни просто алмаштириш керак. Улар ўз ишларига лойиқ эмас. Улар бир томонлама фикрлаб, давлатни қимматга тушираяпти, зарар келтираяпти. Пастда эса билимли, халқни ўйлайдиган виждонли иқтисодчилар жуда кўп. Нега бу томонига эътибор бермаймиз?
Электр энергиямиз хам газ сарфи билан пайдо бўлади. Бу – газ қазилмаларимизни ҳам охири бор. Тасаввур қилинг, газ тугаб қолди, электр ҳам йўқолади. Кейинчи? Халқ қишни қандай ўтказади?