,

Эронда эрини ўлдиргани учун ҳукм қилинган аёл қатл қилинди

Фото: RTL.de

Эронда “бола-келин” сифатида танилган 29 ёшли Самира Сабзиан қатл этилди. У эрини ўлдиргани учун ўлимга ҳукм қилиниб, ўн йил қамоқда ўтирди. Қатл Теҳрон чеккасидаги «Гезель Хесар» қамоқхонасида Норвегиянинг Эрон Инсон ҳуқуқлари ташкилоти (IHR) назорати остида амалга оширилди. Эрон расмийлари бу воқеани расман тасдиқламаган, Эрон матбуотида ҳам бу ҳақда хабар йўқ.

Самиранинг яқинлари у 15 ёшида турмушга чиққани ва оиладаги зўравонлик қурбони бўлганини айтишади. 19 ёшида у эрини ўлдиришда айбланиб, ҳибсга олинган. Суд уни дарҳол ўлимга ҳукм қилган, бироқ ҳукм ижроси бир қатор бюрократик сабабларга кўра кечиктирилган. Ҳибсга олинганида, унинг икки фарзанди (улардан бири гўдак) бўлган, улар билан кўришишга сўнгги ўн йил ичида фақат бир марта – қатл қилинишидан бироз олдин, декабрь ойи бошида рухсат берилган.

«Самира кўп йиллар давомида гендер апартеид, болалар никоҳи ва оиладаги зўравонлик қурбони бўлган, бугун у ушбу режимнинг билимсиз ва бузуқ қотиллик машинаси қурбонига айланди», – дейди IHR раҳбари Махмуд-Амирий Моғаддам.

Эронда биргина жорий йилнинг ўзида 18 нафар аёл қатл этилган. 2010 йилдан 2021 йилгача бўлган 11 йил давомида 164 нафар аёл ўлим жазосига ҳукм қилинган. Қатл этилган эронлик аёлларнинг 66 фоизи эрларини ўлдиришда айбланган. Эрон қонунларига кўра, аёл ҳеч қандай ҳолатда, ҳатто оиладаги зўравонлик қурбонига айланган тақдирда ҳам, ажрала олмайди.

Эрон ҳуқуқ тизимида аёлларга нисбатан қасддан қилинмаган қотиллик ёки аффект ҳолатидаги қотиллик каби жиноятга сабаб бўладиган ҳолатлар ҳам ҳисобга олинмайди.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.