Эртадан Жамоат саломатлиги техникумларида ўқув йили бошланади

Foto: adti.uz

2023/2024 ўқув йилидан мамлакатдаги тиббиёт коллежлари негизида 72 та Абу Али ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникумлари ташкил этилган эди. Натижада улар фаолияти тубдан ислоҳ қилиниб, ўрта тиббиёт ва фармацевтика ходимларини тайёрлаш борасида бутунлай янги тизим йўлга қўйилди.

Абу Али ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникумларида бугунги кунда тиббий профилактика, тиббий-ижтимоий иш, патронаж ҳамширалиги йўналишларида 2 йиллик дастур асосида, ҳамширалик, фельдшерлик, лаборатория, фармация, стоматология каби соҳаларда эса 3 йиллик таълим дастурлари асосида мутахассислар тайёрланмоқда.

Ўтган ўқув йилида 72 та Жамоат саломатлиги техникумида 90 минг нафарга яқин ўқувчи таҳсил олган ва ҳозирда мазкур таълим муассасаларида 4 000 нафарга яқин педагог дарс бериб келмоқда. Улардан 45,3 фоизи малака тоифасига эга.

Янги 2024/2025 ўқув йилги режа ва дастурларида махсус фанлар амалий қисмининг улуши 50 фоиздан 75 фоизга оширилиб, тиббиётда хорижий тил, тиббиётда ахборот технологиялари каби фанлар киритилган.

Барча – 72 та тиббиёт техникумлари тиббий олий таълим муассасаларига бириктирилган. Улар билан педагог ходимларнинг салоҳияти, дарс жараёнларининг самарадорлигини оширишда ҳамкорлик ишлари амалга оширилмоқда.

Тиббиёт техникумларини имтиёзли тамомлаган битирувчилар суҳбат асосида тиббий олий таълим муассасаларининг мос факультетларига имтиёзли равишда 2-босқичдан қабул қилиш тартиби жорий этилган

Маълумот учун, янги ўқув йили мамлакатдаги 72 та Абу Али ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникумларида 4 cэнтябрдан, 12 та давлат ва 2 та хорижий тиббий олий таълим муассасаларида эса 9 сентябрь куни бошланади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.