Эскирган пестицидларнинг реэстрини яратиш бошланди

Foto: Ekologiya vazirligi

Экология вазирлиги ва ФАО ҳузуридаги Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш маркази мутахассислари эскирган пестицидлар ва заҳарланган ҳудудларнинг миллий реэстрини яратиш мақсадида Хоразм вилоятига ташриф буюрди.

Ташриф давомида илгари далаларга пестицидлар сепилган собиқ қишлоқ хўжалиги аэродромлари кўздан кечирилди. Лойиҳада ушбу зарарли моддаларни сув ва тупроқдан ажратиб олиш ва уларни қайта ишлаш технологияларини жорий этишга катта эътибор қаратилган.

«Хоразм вилоятида ўтмишда қишлоқ хўжалигида пестицидлардан кўп миқдорда фойдаланилган ва бу эскирган ҳамда тақиқланган моддаларнинг сезиларли заҳиралари тўпланишига олиб келган. Ушбу пестицидлар инсон саломатлиги ва атроф-муҳит учун хавф туғдиради, шунинг учун уларни инвентаризация қилиш ва хавфсиз утилизация қилиш зарур. Ушбу маълумотларнинг миллий реэстрга киритилиши хавфларни янада самарали бошқариш ва ифлосланиш оқибатларини бартараф этиш чораларини ишлаб чиқиш имконини беради», – дейилади хабарда.

Мазкур лойиҳа ФАО ва Экология вазирлигининг Ўзбекистондаги экологик вазиятни яхшилаш ва хавфли кимёвий моддаларни барқарор бошқаришни таъминлашга қаратилган узоқ муддатли стратегиясининг бир қисмидир. Эскирган пестицидларнинг миллий реэстрини яратиш нафақат атроф-муҳитнинг ифлосланиши билан боғлиқ хавфларни камайтиришга ёрдам беради, балки келажакда хавфли чиқиндиларни янада самарали бошқариш учун асос яратади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.