“Йил аёли” ва “Гендер тенглик фаоли” миллий танловлари ғолиблари аниқланди
Бугун, 23 декабрь куни Ўзбекистон Анжуманлар саройида “Йил аёли” ҳамда “Гендер тенглик фаоли” миллий танловларининг Республика босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Маросимни Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева кириш сўзи билан очиб берди. Бу ҳақда Оила ва хотин-қизлар қўмитаси матбуот хизмати хабар беряпти.
«Йил аёли» ва «Гендер тенглик фаоли» миллий танловлари Олий Мажлис Сенати Кенгашининг қарорига асосан ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиб келинади.
Бу йилги «Йил аёли» миллий мукофотида олий ўринга Жиззах вилоятидан Орзиқулова Рўзигул Хўжабековна муносиб кўрилган. У Жиззах шаҳридаги 26- умумтаълим мактабининг бошланғич таълим ўқитувчиси.
Шунингдек, 1-ўринни Насирова Шаира Нармурадовна – Навоий давлат педагогика институти, Информатика кафедраси, т.ф.д., профессор. 2-ўринни Бабаджанова Наргиза Нейматуллаевна ДХХ чегара қўшинлари Тарбиявий ва мафкуравий ишлар бошқармаси Оила ва хотин-қизлар билан ишлаш бўйича масъул офицери. 3-ўринни Бердиева Нодира Ураловна Қашқадарё вилоятидаги “CHIMYON-EXPRESS” МЧЖ ҳамда “Хусанов Нормурод Тўрамуродович” фермер хўжалиги раҳбари қўлга киритишди.
Танлов низомига кўра Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган 35 ёшдан юқори ҳамда ўз йўналиши бўйича фаолият билан камида 5 йил мобайнида узлуксиз шуғулланиб келаётган аёллар, шунингдек, уй бекалари танлов иштирокчилари ҳисобланади.
“Йил аёли” танловининг республика босқичида белгиланган 3 та шарт асосида иштирокчиларнинг тўплаган балларига қараб, олий ўрин, 1, 2 ва 3-ўрин ҳамда белгиланган номинациялар бўйича ғолиблар аниқланди.
Хусусан, танловнинг республика босқичида олий ўрин – Гран-при ҳамда 1, 2 ва 3-ўринни эгаллаган иштирокчилар Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси маблағлари ҳисобидан Президент совғаси – автомобиль билан, қолган ғолиблар эса диплом ва пул мукофоти билан тақдирландилар.
Бугун ғолиблари тақдирланган иккинчи танлов – “Гендер тенглик фаоли” миллий танловининг туман (шаҳар) босқичларида жами 1 073 та идора, ташкилот ва муасссалар белгиланган номинациялар бўйича иштирок этди.
Республика босқичида 7 та номинация бўйича ғолиблар тақдирланди.
Шарҳлар