«Йил имоми – 2024» ғолиби ҳаж йўлланмаси билан тақдирланди
Республикамиз масжидларида фаолият юритаётган имом-хатиб ва ноиблар иштирокида интиқиб кутилган «Йил имоми – 2024» кўрик-танловининг якуний босқичи бўлиб ўтди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри босқичларида ғолибликни қўлга киритган 14 нафар имом домла ўзаро беллашди.
Иштирокчилари Қуръони Карим қироати ва тафсири, ақида, фиқҳ, Ислом тарихи, ҳадис илмлари, алломалар ижодига оид саволларга жавоб бердилар. Шунингдек, меҳнат фаолиятлари давомида амалга оширган салмоқли ишлари ва ОАВларида эълон қилинган ижодларини намойиш этдилар.
Қатнашчиларнинг чиқишлари ҳакамлар ҳайъати томонидан мезонлар асосида баҳоланди.
Танлов натижаларига кўра:
1-ўрин – Наманган вилояти «Ҳомиддин қори» жомеъ масжиди имом-хатиби Муҳаммад Бобир домла Насриддиновга I даражали диплом ва ҳаж сафари йўлланмаси;
2-ўрин – Тошкент шаҳридаги «Фирдавс» жомеъ масжиди имом-хатиби Бахтиёр домла Сатторовга II даражали диплом ва 16 млн. сўм пул мукофоти;
3-ўрин – Тошкент вилояти «Чаноқ» жомеъ масжиди имом-хатиби Ёқуб домла Бухарбаевга III даражали диплом ва 13 млн. сўм пул мукофоти топширилди.
Шунингдек, танловнинг «Йилнинг энг фидоий имоми» Қорақалпоғистон Республикаси «Мулла Исҳоқ» жомеъ масжиди имом-хатиби Алтинбек домла Зинуллаев ва Хоразм вилояти «Мирҳошим бобо» жомеъ масжиди имом-хатиби Оллаберган домла Ғойиповга насиб этди.
Мусобақа якунида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин Холиқназар ҳазратлари «Йил имоми – 2024» соҳибига ҳаж йўлланмасини топширди.
Шарҳлар