Йил якунигача бошқарув компаниялари фаолияти Тошкентнинг барча туманларида жорий этилади
21 февраль куни президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрида кўп квартирали уй-жой фондини бошқаришни такомиллаштириш ва иссиқлик таъминоти тизимини ривожлантириш, маҳаллаларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштиришга оид, ҳамда геология соҳаси ва кимё саноатидаги лойиҳалар билан танишди.
Давлат раҳбари йил якунигача бошқарув компаниялари томонидан хизмат кўрсатишни Тошкент шаҳрининг барча хизмат сифати паст туманларида жорий этиш зарурлигини таъкидлади. Хизматларидан аҳоли рози бўлган ширкатлар ва уй-жойни бевосита бошқарувчилар бундан мустасно эканига алоҳида эътибор қаратилди.
«Бу ишларни тизимли ташкил этишимиз лозим. Ахир бу одамларимизнинг кундалик муаммолари, уларни ҳал этмасак, халқимиз биздан рози бўлмайди», – деди президент.
Унинг учун махсус ишчи гуруҳ жойларга чиқиб, уй-жой мулкдорлари ширкатлари фаолияти, аҳоли фикрларини ўрганади, ширкатлар ва бошқарув компанияларининг молиявий муаммоларини ҳал этиб боради.
Фаолияти ва молиявий аҳволи қониқарсиз бўлган ширкатлар ҳудудини очиқ танлов асосида бошқарув компанияларига бериш масаласини ўрганиш топширилди.
Уй-жой бошқарув компанияларига муайян имтиёз ва енгилликлар берилиши қайд этилди. Жумладан, улар фойда ва мулк солиғидан озод этилади, ижтимоий объектларга аутсорсинг асосида хизмат кўрсатиш учун тўғридан-тўғри шартнома тузишга рухсат берилади, махсус техника ва ускуналар сотиб олишга 90 миллиард сўм кредит ажратилади ва фоизларининг бир қисми қоплаб берилади, импорт қилинадиган ускуна ва техникаларга божхона божлари келгуси 3 йилда “ноль” ставкада қўлланилади, тугатилаётган ширкатларнинг муаммоли кредитлари 3 йилга музлатилади.
Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигига бундай ишларни барча ҳудудларда ташкил этиш вазифаси қўйилди.
2020 йилда тажриба тариқасида Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманидаги 110 та кўп қаватли уй қонунчиликда белгиланган тартибда бошқарув компанияларига берилган эди. Бу тажриба 2021 йилда барча вилоят марказлари, Чирчиқ ва Ангрен шаҳарларида давом эттирилиб, 15 та бошқарув компанияси томонидан хизмат кўрсатиш йўлга қўйилган.
Масалан, Навоий шаҳридаги 116 та кўп қаватли уйга битта бошқарув компанияси томонидан хизмат кўрсатилган бўлиб, муддати ўтган қарздорлик 2 баравар қисқарган. Бу компания 34 турдаги махсус техника олиб, аҳоли ва тадбиркорларга 20 дан ортиқ янги хизматларни йўлга қўйган.
Шарҳлар