Самарқандда 16 ёшли болага тоғаси жисмоний тазйиқ ўтказиб келаётгани аниқланди
Болалар омбудсманига Самарқанд вилояти, Пастдарғом туманида яшовчи вояга етмаган Б.М. (2008 йилда туғилган ўғил бола) нинг мурожаати келиб тушди.
Мурожаатда Б.М. Пастдарғом туманидаги умумий ўрта таълим мактабининг 10-синфида ўқишини, ота-онаси ажрашганлигини, акаси Россия Федератсиясида ўқиётганлиги сабабли онаси ҳам у ерга кетганлигини, ўзи эса бувиси билан бирга яшашини маълум қилган. Б.М. қўшни ҳовлида тоғаси М.А. яшашини, тоғаси унга жисмоний тазйиқ ўтказиб, бир неча бор тан жароҳати етказганлигини, қолаверса М.А. уни ҳақорат қилиб, уйидан ҳайдаб чиқаришга уринаётганлигини билдирди.
Шунингдек, ҳолат юзасидан профилактика инспекторига мурожаат қилса-да, ҳеч қандай чора кўрилмаганлигини билдириб, тоғаси М.А. нинг тазйиғига нисбатан чора кўришни сўраган.
Болалар омбудсмани сўрови асосида мазкур ҳолат Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ва Ички ишлар вазирлиги томонидан ўрганилди.
Жумладан, Агентликнинг Самарқанд вилояти ҳудудий бошқармаси ҳамда Пастдарғом тумани “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази масъуллари томонидан жойига чиқиб ўрганилганда, М.А. томонидан вояга етмаган Б.М. ва унинг бувиси Х.М. га нисбатан тазйиқлар ўтказиб келинганлиги тасдиқланиб, жорий йилнинг 19 сентябрь куни тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш ва қайта такрорланишига қарши ҳимоя ордери расмийлаштирилди.
Шу билан бирга, М.А. нинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш мақсадида ҳозирда Пастдарғом тумани ИИБ томонидан терговга қадар текширув олиб борилмоқда.
Бу борада қўшимча маълумот берилади.
Шарҳлар