Жисмоний ва юридик шахсларга хулосалар бериш бўйича давлат хизматлари кўрсатилади
29-март куни Ҳукуматнинг 169-сонли қарори билан “Жисмоний ва юридик шахсларга хулосалар бериш бўйича давлат хизматларини кўрсатишнинг ягона маъмурий регламенти” тасдиқланди.
Унга кўра, жисмоний ва юридик шахсларга 10 дан ортиқ хулосалар бериш бўйича давлат хизматларини кўрсатишнинг тартиби белгиланди:
- Меҳнатни муҳофаза қилиш ва техника хавфсизлиги талабларига мувофиқлик тўғрисида;
- Бино (иншоот) ва хоналарнинг ёнғин хавфсизлиги талабларига мувофиқлиги тўғрисида;
- Гидрогеологик хулоса бериш;
- Автомобилларга ёнилғи қуйиш шахобчаларининг саноат хавфсизлиги талабларига мувофиқлиги тўғрисида;
- Радиотехник иншоотларнинг санитария хулосасини (санитария паспорти) бериш;
- Диний ташкилотларни рўйхатдан ўтказиш юзасидан хулоса бериш;
- Дори воситалари ва биологик фаол қўшимчаларни телерадиоканаллар орқали реклама қилиш бўйича.
Ариза берувчи давлат хизматидан фойдаланиш учун Давлат хизматлари марказига ўзи келиб мурожаат этади ёки ЯИДХП,
my.gov.uz орқали мурожаат этади.
ЯИДХП орқали мурожаат этилган тақдирда, аризани ЭРИ билан тасдиқлаш талаб этилмайди.
Давлат хизматини кўрсатишни рад этиш учун қуйидагилар асос бўлади:
- ариза берувчи белгиланган талабларга жавоб бермаганда;
- ҳужжатларда ёлғон ёки қалбаки маълумотлар кўрсатилганлиги аниқланганда;
- талабгор томонидан белгиланган муддатда ҳужжатлар қайта тақдим этилмаганда.
Давлат хизматини кўрсатишни бошқа асосларга кўра, шу жумладан, мақсадга мувофиқ эмаслик важи билан рад этишга йўл қўйилмайди.
Давлат хизматини кўрсатиш рад этилганда, ариза берувчи 1 ой муддатда давлат хизматини кўрсатишни рад этиш асосларини бартараф қилган ҳолда йиғим тўламасдан қайта мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.
Хулоса объекти мазкур Регламент ва тегишли паспортлар талабларига мувофиқ бўлганда, ваколатли орган томонидан QR-код қўйилган хулоса автоматик равишда шакллантирилади ва тегишли Давлат хизматлари марказига ёки ариза берувчининг ЯИДХПдаги шахсий кабинетига электрон шаклда юборилади.
Хулосанинг амал қилиши қуйидаги ҳолларда бекор бўлади:
- ариза берувчи хулосанинг амал қилишини бекор қилиш бўйича мурожаат қилганда;
- хулосанинг амал қилиш муддати тамом бўлганда;
- хулоса объекти тугатилганда, ўзгартирилганда ва йўқ қилинганда.
Шарҳлар