Жиззахдаги сартарошхоналардан бирида майнинг фермаси аниқланди

Жиззах вилоятида 490 млн сўмликдан зиёд зарар келтирган 2 та майнинг фермаси фаолияти тўхтатилди, деб ёзяпти “Ўзэнергоинспекция” матбуот хизмати.

Энергетика вазирлиги ҳузуридаги “Ўзэнергоинспекция” томонидан Бош прокуратура, ДХХ ва ИИВ ходимлари билан ҳамкорликда Жиззах вилоятида ўтказилган тезкор назорат тадбирида электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланган.

“Хусусан, Ш.Рашидов туманида истиқомат қилувчи фуқаро Б.М. (ўз яшаш хонадонида) ва Жиззах шаҳрида истиқомат қилувчи фуқаро О.О. (ўзига тегишли сартарошхонанинг қўшимча хонасида) крипто-актив ва майнинг қурилмаларни тўғридан-тўғри электр тармоғига улаб, ноқонуний равишда фойдаланиб келаётганлиги маълум бўлди. Дастлабки қайта ҳисоб-китобларга кўра, ушбу ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари натижасида давлат манфаатларига 490 млн сўмлик зарар етказилганлиги аниқланди”, – дейилади хабарда.

Қоидабузар истеъмолчиларга нисбатан белгиланган тартибда чоралар кўриш учун тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, ҳуқуқни муҳофаза этувчи органларга тақдим қилинган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.