Жиззахдаги 10 та маданий мерос объектида “Туризм ҳалқаси” яратилади
Жиззах вилоятида давом этаётган йиғилишда иқтисодиёт тармоқларида ўзимизда ишлаб чиқарилган қурилиш материалларидан фойдаланишни кенгайтириш муҳим экани қайд этилган. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабар берди.
«Масалан, ўзимизда чиқадиган базальт маҳсулотлари ҳам ички эҳтиёжни, ҳам ташқи талабни тўлиқ қоплашга етарли. Маҳаллий базальт маҳсулотларини халқаро сертификациядан ўтказишга кўмаклашиш, қурилиш, ирригация ва коммунал хўжалигидаги қурилиш нормаларида базальт маҳсулотидан фойдаланишни кўпайтириш лозимлиги таъкидланди», – дейилган йиғилишда.
Европа ва бошқа ривожланган давлатлардан олим ва мутахассисларни олиб келиб, бу соҳада илмий-тадқиқот ишларини ривожлантиришга кўрсатма берилди.
Давлатимиз раҳбари электр жиҳозлари чиқаришни йўлга қўйган “Моно электрик” корхонасининг касаначилик асосида 250 нафар кўзи ожизларни иш билан таъминлаш режасини намунали тажриба сифатида қайд этди.
“Бу – улар учун ҳам доимий даромад манбаи, ҳам жамиятда ўз ўрнини топишга имкон”, – деган Президент.
Мутасаддиларга бу борада Жиззах тажрибасини йўлга қўйиш, шу каби касаначилик лойиҳаларини кўпайтириш бўйича топшириқлар берилди.
Йиғилишда таъкидланганидек, автомобилсозликда йирик узелли йиғиш усулидан тўлиқ технологик циклга ўтилгани яхши натижа бўлди.
Эндиликда тармоқ раҳбарияти олдида келгуси уч йилда соҳага 1 миллиард доллар инвестиция жалб қилиб, автомобиль ишлаб чиқариш қувватини 100 мингтага ошириш, 10 мингта юқори даромадли иш ўрни яратиш вазифаси турибди.
«Кооперация асосида 365 турдаги бутловчи қисмларни ўзимизда чиқаришни йўлга қўйиб, маҳаллийлаштириш даражасини 50 фоизга етказиш муҳимлиги қайд этилди. Жиззах вилоятида туризм ва ижтимоий соҳани ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди. 10 та маданий мерос объектида “Туризм ҳалқаси” яратилиши, уларга туризм маҳалласи мақоми берилиши белгиланди. “Туризм ҳалқаси” объектларига борадиган йўлларни таъмирлаш топширилди», – дейилади хабарда.
Халқаро “М-39” йўлининг вилоят ҳудудидан ўтган 98 километр қисмидан кунига 40 минг автомобиль қатнайди. Бу йўлни четида бўш турган 4 гектар ерлар тадбиркорларга таклиф қилинса, 20 минг аҳолини доимий банд қилиш мумкин
Айдар-Арнасой кўллари тизимида туризм учун етарли салоҳият бор. Уни рўёбга чиқариш мақсадида Ҳукумат комиссияси тузилади.
Шарҳлар