Президент “ADM Jizzakh” автомобиль заводига борди
Президент Шавкат Мирзиёев “ADM Jizzakh” автомобиль заводи фаолияти билан танишди.
Вилоят саноатини ривожлантиришда “Жиззах” эркин иқтисодий зонаси катта ўрин тутмоқда. У маҳсулот ишлаб чиқариш бўйича республикада учинчи, экспорт ҳажми бўйича эса олтинчи ўринда туради. Кейинги йилларда унинг фаолияти такомиллаштирилиб, ишлаб чиқаришга қулайлик кенгайтирилди. Бугунги кунда саноат зонасида 33 та лойиҳа амалга оширилиб, 7 минг 670 киши ишламоқда.
“ADM Jizzakh” МЧЖ 2021 йилда ташкил этилган. Ўтган уч йилда “Kia”, “Chery” ҳамда “Haval” брендлари остида 23 турдаги 36 мингта автомобиль ишлаб чиқарилган. Лойиҳа доирасида 234 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағлар ўзлаштирилиб, 1 минг 800 та иш ўрни яратилган.
Ҳозирда корхона юқори технологик ускуналар билан жиҳозланган. Улар Жанубий Корея, Япония ва Германия каби давлатлардан келтирилган. Заводда 30 та робот бор, ишлаб чиқариш жараёни 33 фоиз автоматлаштирилган. Автомобилнинг юриш қисмлари созлиги, статик ва динамик тормоз тизимини текшириш жиҳозлари ўрнатилган.
Президент заводда маҳаллийлаштириш даражасини ошириш, республика саноат корхоналари билан кооперацияни кенгайтириш бўйича кўрсатмалар берган. Бу борада ишлар бошланган. 2024-2027 йилларда 348 турдаги бутловчи қисмларни маҳаллийлаштиририш режалаштирилган. Айни пайтда мамлакатдаги 21 та корхона билан кооперация тизими йўлга қўйилган.
Давлат раҳбари заводда ишлаб чиқарилиши бошланган янги “Kia Sonet” автомоби билан танишган.
Шарҳлар