Ёшлар билан ишлайдиган кексалар “Нуроний” жамғармасининг маблағлари ҳисобидан рағбатлантирилади
Ўзбекистон ёшлари “Бир катта авлод вакили ўн нафар ёшга масъулдир” тамойили асосида “Замонавий фикрловчи, бой ҳаётий тажрибага эга кексалар”га бириктирилади. Бу президент Шавкат Мирзиёевнинг 11 мартдаги “Кекса авлод вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ижтимоий фаоллигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида назарда тутилган. Бириктирилган ёшлар рўйхати маҳалла ёшлари етакчилари томонидан “Кексалар маслаҳати” гуруҳлари билан биргаликда тузилади, деб ёзади «Газета» нашри.
Қарорда айтилишича, ўтган йили “кекса авлод вакилларининг ҳаётий тажрибасидан унумли фойдаланган ҳолда амалга оширилган маданий-маърифий тадбирлар натижасида” 155 минг нафарга яқин профилактик ҳисобда турган ёшлар соғлом турмуш тарзига қайтган, 22 мингдан ортиқ оила ажралиб кетишининг олди олинган ва 3 мингдан ортиқ нотинч оила яраштирилган.
Бир йил муқаддам президент қарорида “Маҳаллаларга кекса авлод ва зиёлиларнинг ҳурматли вакиллари”ни “Ўн нафар ёшга бир кекса авлод вакили масъул” тамойили асосида бириктириш ҳақида ҳам сўз борганди.
Ҳозирги қарор билан Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгашининг Раиси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимлари «Нуроний» жамғармаси ҳудудий бўлимлари фахрийларнинг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш вакиллик кенгашлари раислари этиб тайинланди.
«Нуроний» жамғармаси бўлим мудирлари бир вақтнинг ўзида Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши Раисининг, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимларининг маслаҳатчиси мақомига эга бўлади. Маҳалла фуқаролар йиғинлари раисларининг кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича маслаҳатчилари “Кексалар маслаҳати” гуруҳлари раислари ҳисобланади.
Ёшлар ва оилалар билан ишлаётган кексалар ушбу йўналишларда ижобий натижаларга эришгани учун «Нуроний» жамғармаси маблағлари ҳисобидан рағбатлантирилади.
Маҳаллаларда фаолият юритаётган “Кексалар маслаҳати” гуруҳларининг раҳбарлари ҳам «Нуроний» жамғармаси ва маҳаллий бюджетларнинг қўшимча манбалари ҳисобидан ҳар чоракда икки базавий ҳисоб миқдорида рағбатлантирилади.
Шарҳлар