“Журналист ҳақ бўлса, буни тан олишимиз керак” – Шавкат Мирзиёев

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев раислигида 12 январь куни Хавфсизлик кенгашининг Қуролли Кучлар ва ҳарбий-маъмурий секторларнинг 2023 йилдаги фаолияти якунлари ва яқин истиқболга мўлжалланган вазифалар муҳокамасига бағишланган кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди. Унда давлат раҳбари қуйидаги фикрларни илгари суриб, «Журналист ҳақ бўлса, буни тан олишимиз керак», деган. Бунга Хайрулла Нуриддиновнинг «Менимча» дастури эътибор қаратган.

“…Агар биз Ўзбекистон ахборот маконида миллий контент яратишни ўз қўлимизга олмас эканмиз, дунёдаги воқеаларга миллий манфаатларимиз нуқтаи назаридан баҳо бермас эканмиз, бу ишлар хориждан туриб амалга оширилишига имкон яратиб берган бўламиз. Чунки одамлардаги янгилик, таҳлилий маълумот, реал воқеаларга бўлган эҳтиёжни биз қондирмас эканмиз, буни бошқалар қилади. Бунга мутлақо йўл қўйиб бўлмайди. Ҳар қандай танқидга жавоб бериш керак. Журналист ҳақ бўлса, буни тан олишимиз керак. Ноҳақ бўлса, унга тушунтириш орқали ёлғон хабарларнинг олдини олишга ўрганишимиз ва бутун жамиятимизга шуни тушунтиришимиз керак, бу нопок ва ёлғонлигини», – деган Мирзиёев.

“Менимча” дастурининг муаллифи Хайрулла Нуриддинов дастурда журналистлар ҳам ватан ҳимоячиси деган фикрини давом эттириб, жумладан, шундай дейган:

“Журналистга бўлган муносабат ҳам адолатли бўлмоғи лозим. Биз ўзимизнинг журналистларимиз ҳар қоқилганида ёки ҳар адашганида унинг бошига уриб, зада қиладиган бўлсак – улар қўлини ювиб қўлтиққа уради, ҳақиқатни излашдан воз кечади. Кейин эса уларнинг ўрнини ташқаридаги қора ниятли қаламкашлар эгаллайди. Шундай экан, жўяли ва ҳақли танқидни тан олиш, ёлғон ва туҳматга эса муносиб жавоб қайтара олиш кучига эга бўлган жамиятга айланишимиз лозим. Нопок ва ёлғон ахборотни тарқатган журналистнинг хатосини ёки айбини бутун маданиятли дунёда бўлгани каби қонуний йўл билан исботлайдиган давлатга айланишимиз лозим», – деган у.

Нуриддиновга кўра, «Жуналистларга, блогерларга, колумнистларга очиқлик бобида ва қонуний ишлаш масаласида кўмаклашиш лозим. Ўз навбатида, журналистикамиз эса – не-не машаққатлар билан етиб келинган сўз эркинлигини энг аввало улкан масъулият деб билмоғи лозим, Ватанни ҳимоя қилиш учун имконият деб билмоғи лозим. Шундагина Ватан ҳимояси жабҳасининг ана шу қисми – журналистика майдони бўшаб қолмайди, ташқарида пайт пойлаётган ғаразли кучларнинг қаламкашларигаям жойини бўшатиб бермайди».

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.